Ссылки доступа

Қирғизистон Тожикистон авиакомпаниясига ўз ҳаво ҳудудидан фойдаланишга рухсат берди


Қирғизистон 3 февраль куни Душанбе-Урумчи-Душанбе йўналиши бўйича парвозлар учун ўз ҳаво ҳудудидан фойдаланишга рухсат берди. Бу ҳақда Қирғизистон фуқаро авиацияси агентлиги хабар берди.

Агентлик маълумотларига кўра, Somon Air 2023 йилнинг 8 февралидан 21 мартигача Душанбе-Урумчи-Душанбе йўналиши бўйича ҳамда 2023 йилнинг 5 февралида Душанбе-Новосибирск йўналиши бўйича парвозлар учун ҳаво ҳудуди беришни сўраган.

2021 йил май ойида Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси ўз фармони билан Тожикистон фуқаролари учун Қирғизистон ҳудудига кириш ва чиқиш, бўлиш, ҳаракатланиш ва транзит ўтказишда вақтинчалик чекловлар жорий қилган эди.

Бу қарор Қирғизистон ва Тожикистон чегарасида 28-30 апрель кунлари содир бўлган қуролли тўқнашув натижасида 154 киши жароҳатланган, 36 киши, жумладан, икки бола ҳалок бўлганидан кейин қабул қилинган. Тожикистон ҳукумати 19 киши ҳалок бўлган ва 87 киши яраланганини расман эълон қилган.

Чекловлар киритилгандан сўнг, Somon Air авиакомпаниясининг самолёти йўловчилар билан бирга Манас аэропортида 4 соат кутишдан сўнг Тожикистонга қайтариб юборилди. Ўшанда Тожикистоннинг 177 нафар фуқаросига Қирғизистон Республикаси ҳудудига кириши тақиқланган.

Тожикистон томони Қирғизистон авиакомпаниялари учун ҳаво ҳудудини ёпмаган. Бишкекда рўйхатдан ўтган Аэрономад компаниясининг самолётлари Тожикистон ҳаво ҳудуди орқали Ҳиндистон ва Покистонга учади.

XS
SM
MD
LG