Ссылки доступа

Расмийлар Бандлик вазирлиги матбуот котибининг ҳибсга олинишига сукут сақламоқда


Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Мавжуда Мирзаева ва Human.uz сайти директори Хуршид Далиев
Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Мавжуда Мирзаева ва Human.uz сайти директори Хуршид Далиев

Human.uz мустақил вебсайти журналистлари ҳибсга олинганидан бир ҳафта ўтиб, ДХХ тергов қилаётган шов-шувли “Kompromatuzb иши” тафсилотлари жамоатчиликка қоронғулигича қолмоқда.

27 январь куни Давлат хавфсизлик хизмати, Human.uz сайти директори Хуршид Далиев ва яна бир неча журналистни қўлга олганини маълум қилганди.

Кейинчалик ҳибсга олинганлар орасида Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Мавжуда Мирзаева ҳам борлиги норасмий манбалар орқали маълум бўлди.

Яъни, давлат идораси матбуот хизмати раҳбарининг ҳибсга олингани ва нега ҳибсга олингани ҳақида шу кунга қадар бир сатр расмий баёнот берилмади.

Шу кунда ДХХ хизмати ишинини тергов қилаётган журналистлар Телеграм тармоғидаги Kompromatuzb канали администраторлари сифатида товламачилик қилганликда гумон қилинаётгани 27 январь куни маълум қилинган.

“ДХХ органлари томонидан фуқаро И.А.дан келиб тушган мурожаатга асосан, фуқаро Д.Х. ва бошқаларнинг «Telegram» мессенджеридаги «Kompromat.uzb» ва бошқа каналлар орқали амалга оширилган жиноятларга алоқадорликлари сабабли уларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 165-моддаси 2-қисми «в» банди билан жиноят иши қўзғатилган ва хозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда”, деб хабар қилди Телеграм тармоғидаги Xavfsizlik канали.

29 январга келиб, Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Юнусобод тумани суди ажрими билан журналист Мавжуда Мирзаева ҳам ҳибсга олингани маълум бўлди.

Бу ҳақда журналистнинг қизи маҳаллий Интернет нашрларига интервью берди, аммо сўнгра бирданига матбуот билан алоқасини узгани кузатилди.

Кейинчалик Озодликнинг ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбаси, Мирзаева ҳам “Kompromatuzb” Телеграм канали иши доирасида қўлга олинганини билдирди.

Озодлик манбасига кўра, бу журналист ҳам ЖКнинг 165-моддаси, 2 қисми в-бандида кўзда тутилган “товламачилик” жиноятини содир этишда гумон қилинаётгани айтилмоқда.

Прокуратура органларидаги яна бир манба Озодликка сиздирган ҳужжатларга кўра, Мирзаеванинг уйида тинтув ўтказишга оид қарор 27 январь куни имзоланган.

Айни ҳужжат асосида ДХХ Тошкент вилояти бошқармаси Тергов бўлими томонидан 27 январь куни Мавжуда Мирзаеванинг Тошкент шаҳри, Сирғали туманидаги уйида тинтув ўтказилган.

29 январь куни жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Юнусобод тумани суди ажрими билан Мирзаевага нисбатан эҳтиёт чораси сифатида 10 кунлик қамоқ белгиланган.

Терговга яқин манбаларнинг Озодликка билдиришича, ҳибсга олинганлар гўёки "уюшган жиноий гуруҳ аъзолари" сифатида кўрилмоқда.

Kompromatuzb Телеграм каналида “амалга оширилган жиноятлар” нималардан иборат экани ҳақида ҳозиргача ҳеч қандай маълумот йўқ. ДХХ ҳам бу ҳақда бошқа тафсилот бергани йўқ.

Бундан ташқари, давлат идораси - Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигида матбуот хизматини бошқарган Мавжуда Мирзаева ҳақида ҳам шу кунга қадар бирор расмий маълумот берилгани йўқ. Ҳатто, Мирзаева ишлаган вазирлик бу борада бирор муносабат билдиргани йўқ.

Айни пайтда бу иш терговини юритаётган ДХХ матбуот хизматига мурожаат қилиш эса имконсиз - бу ташкилотнинг ҳануз на расмий сайти, на матбуот хизмати ва на матбуот котиби ҳақида очиқ манбаларда маълумот бор.

Озодлик мавжуд барча маълумотларни ҳибсдагиларнинг яқинлари, тергов ишидан хабардор журналист ва блогерлар ҳамда ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбаларга таянган ҳолда аниқламоқда.
Озодликка ҳибсдаги ҳамкасблари ҳақида муносабат билдирган қарийб барча ўзбекистонлик журналист ва блогер - бу иш доирасидаги ҳибс ва терговлар - уларда чуқур хавотир ва қўрқув уйғотганини гапирмоқдалар.

Қўрқув эса, аксар суҳбатдошга кўра, расман рўйхатдан ўтиб ишлаётган оммавий ахборот воситаси биносига номаълум шахсларнинг ҳеч бир ҳужжат ва огоҳлантиришсиз бостириб кириши, журналистларнинг куч билан номаълум манзилга олиб кетилишидан уйғонган.

Яъни, ҳозир аксар ўзбекистонлик ҳамкасблари - Human.uz таҳририяти журналистларининг ҳибсга олиниши сабаблари эмас, балки айнан мавжуд қонунчиликка зид тарзда - куч қўллаган ҳолда ва ҳатто, "штурм билан" ҳибсга олинганидан хавотир инҳор қилмоқда.

Телеграм тармоғида 130 мингдан ортиқ ўқувчиси бўлган Kompromatuzb канали анчадан буён зиддиятли хабарларни бемалол улашиб келаётганди. Бу каналда у ёки бу давлат ташкилоти ёки алоҳида шахсларга нисбатан очиқ манбаларда учрамайдиган ва одатан, яширилган айби, ноқонуний ҳаракатларини фош қилувчи маълумотлар анчадан буён берилаётган эди.

XS
SM
MD
LG