Ссылки доступа

Бош прокуратура Пўлат Шамшетов юрак хуружидан вафот этганини тасдиқлади


Бош прокуратура Нукус воқеалари бўйича судланган Пўлат Шамшетов ўлими юзасидан тайинланган суд-тиббий экспертизаси натижасини эълон қилди. Унга кўра марҳум ўпка артерияси тромбоэмболияси, ўткир юрак-қон томири етишмовчилиги оқибатида вафот этган.

Аввалроқ Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаментига қарашли 4-сонли тергов ҳибсхонасида сақланаётган маҳкум Пўлат Шамшетов (Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ собиқ ходими) вафот этгани ҳақида хабар берилганди. Бош прокуратура ушбу хабарни тасдиқлаб, ўлим сабабини маълум қилди.

Қайд этилишича, ҳодиса жойи Бухоро вилояти прокурори раҳбарлигидаги тезкор-тергов гуруҳи, вилоят ИИБ бошлиғи, суд-тиббий экспертиза мутахассислари ва холислар иштирокида кўздан кечирилди.

Мазкур кўздан кечириш жараёнларида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича (Омбудсман) Бухоро вилояти минтақавий вакили, Пўлат Шамшетовнинг адвокати ва яқин қариндошларининг ҳам иштироки таъминланди.

Ўлим сабабларини аниқлаш мақсадида суд-тиббий экспертизаси тайинланган. Суд-тиббий экспертизаси ишчи гуруҳининг дастлабки маълумотига кўра, марҳум ўпка артерияси тромбоэмболияси, ўткир юрак-қон томири етишмовчилиги оқибатида вафот этган.

Ҳозирда Бухоро шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Пўлат Шамшетовга 2 июль куни «одамларни оммавий тартибсизликларга жалб қилгани ва ўзи уларнинг фаол иштирокчиси бўлганлиги» ҳақида айблов қўйилганди.

31 январь куни Бухоро вилояти судида ўқиб эшиттирилган ҳукмга кўра, Пўлат Шамшетов ЖКнинг 244-моддаси 3-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилди. Унга ЖКнинг 45 (Муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш), 57-моддалари қўлланиб, 3 йил мансабдорлик лавозимларида ва ички ишлар тизимида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда 6 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланганди.

XS
SM
MD
LG