Идоралараро эксперт комиссияси ҳар ҳафта бўйича Республика ва унга чегарадош ҳудудларда зилзила содир бўлиш эҳтимоллигини комплекс-прогностик кузатув натижаларига асосан баҳолайди.
«Ҳозирги кунда зилзилаларни прогноз қилиш соҳасида сейсмометрик, геофизик, магнитометрик ва гидрогеосейсмологик кузатувлар олиб борилади. Олинган кузатув маълумотлари натижаларига асосан Идоралараро эксперт комиссиясининг 2023 йил 3 февралдаги 5-сонли баёни хулосасига кўра, Ўзбекистон ва унга чегарадош ҳудудларда магнитудаси М≥5 бўлган зилзилалар даракчилари аниқланмаган ҳамда кучли зилзилалар содир бўлиш эҳтимоли мавжуд эмаслиги маълум қилинади», – дейилган вазирлик баёнотида.
Аввалроқ Туркия жануби-шарқида 6 февраль тонгида 7,4 магнитудали зилзила содир бўлгани тўғрисида хабар берилганди. Зилзила мамлакатдаги 10 та шаҳарни, шунингдек, қўшни Суриянинг қатор ҳудудлари вайрон қилди.
Шавкат Мирзиёев Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғонга ҳамдардлик билдиргани, Туркияда зилзила оқибатларини бартараф қилиши учун Ўзбекистон қутқарувчиларни юбориши маълум қилингани ҳақида хабар берилганди.
Фавқулотда вазиятлар вазирлигининг расмий баёнотига кўра, Ўзбекистонда ФВВ ҳамда Фанлар академияси ҳамкорлигида Сейсмик вазиятни баҳолаш ва келгусидаги сейсмик вазиятни прогноз қилиш бўйича Идоралараро эксперт комиссияси фаолият юритади.