Ссылки доступа

Қорақалпоқ фаоли: Шамшетов Нукусда қурол қўлланилган-қўлланилмагани бўйича асосий гувоҳ эди


Қорақалпоғистонлик фаол Ақилбек Муратов Озодликнинг Current Time лойиҳаси билан суҳбатда Нукус воқеалари бўйича судланган Пўлат Шамшетовнинг Бухородаги 4-тергов ҳибсхонасидаги ўлимини “ғалати” деб атаган.

Муратовга кўра, Шамшетов Қорақалпоғистон ўтган йилнинг 1-2 июль кунлари содир бўлган воқеалар чоғида хавфсизлик кучлари томонидан ўқотар қуролдан фойдаланилган-фойдаланилмагани юзасидан асосий гувоҳ эди.


“Ўзбекистон расмийлари ҳеч қанқа қурол қўлланилмагани айтишмоқда, Human Rights Watch халқаро ташкилоти вакиллари дохил ҳуқуқ фаоллари ҳодиса чоғида ўқотар қурол ва гранаталардан фойдаланилгани ҳақида ҳисоботлар чиқарган. Қорақалпоғистондаги июль воқеаларининг энг муҳим бўлган жиҳатларидан бири бўлган айнан шу ҳолат бўйича Пўлат Шамшетов асосий гувоҳлардан бири эди”, деган Ақилбек Муратов.

Аввалроқ Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаментига қарашли 4-сонли тергов ҳибсхонасида сақланаётган маҳкум Пўлат Шамшетов (Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ собиқ ходими) 4 февраль куни вафот этгани ҳақида хабар берилган. Бу маълумотни тасдиқлаган Ўзбекистон Бош прокуратураси Нукус воқеалари бўйича судланган Шамшетовнинг ўлими юзасидан тайинланган суд-тиббий экспертизаси натижасини эълон қилган.

БП хабарномасида, суд-тиббий экспертизаси ишчи гуруҳининг дастлабки маълумотига кўра, марҳум Шамшетов ўпка артерияси тромбоэмболияси, ўткир юрак-қон томири етишмовчилиги оқибатида вафот этгани айтилган. Унга ўтган йилнинг 2 июлида “одамларни оммавий тартибсизликларга жалб қилгани ва ўзи уларнинг фаол иштирокчиси бўлгани”га оид айблов қўйилганди.

Жорий йилнинг 31 январь куни Бухоро вилояти судида ўқиб эшиттирилган ҳукмга мувофиқ, Пўлат Шамшетов Жиноят кодексининг 244-моддаси 3-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилган. Унга нисбатан ЖКнинг 45- ва 57-моддалари қўлланилиб, 3 йил мансабдорлик лавозимларида ва ички ишлар тизимида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда 6 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган эди.

XS
SM
MD
LG