Ссылки доступа

Косонсойдаги портлаш натижасида жароҳат олган 5 кишидан бири вафот этди


Наманган вилоятининг Косойсой тумани “Нуробод” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги Навбаҳор кўчасида жойлашган уйлардан бирида 7 февраль тонгида портлаш содир бўлган. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълумот тарқатди.

ФВВ хабарномасида портлаш газ-ҳаво аралашмаси сабабли рўй бергани, ҳодиса ортидан жароҳатланган 4 нафар фуқаро туман тиббиёт бирлашмасига ётқизилгани айтилган.

Ҳодисани тасдиқлаган Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов портлаш чоғида 4 киши эмас, балки 5 киши тан жароҳати олганини, улардан бири, кўрсатилган тез-тиббий муолажаларга қарамасдан, шифохонада вафот этганини билдирган.

"Мазкур ҳолат юзасидан Косонсой туман прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 258-моддаси 2-қисми “а” банди (Тоғ-кон, қурилиш ёки портлатиш ишлари хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилди", деб маълум қилган Ҳ. Шамсутдинов ўз Telegram-канали орқали.

Озодлик бир ҳафта муқаддам Нукус туманидаги 2 қаватли уйда газ портлагани, ҳодиса туфайли 4 одам оғир тан жароҳати олгани ҳақида хабар қилган эди. Ундан аввал эса – 29 январь куни Қорақалпоғистон пойтахтида тўрт қаватли уйда содир бўлган портлаш сабабли 5 киши нобуд бўлгани очиқланган.

XS
SM
MD
LG