Ссылки доступа

Қозоғистон Туркияга зилзиладан кейин фавқулодда ёрдам кўрсатиш учун бир миллион доллар ажратади


Қозоғистон президенти Қасим-Жўмарт Тоқаев ҳукуматга ҳалокатли зилзила оқибатида жабр кўрган Туркияга фавқулодда ёрдам кўрсатиш учун бир миллион доллар ажратишни топширди. Бу ҳақда 8 февраль куни эрталаб Оқорда маълум қилди.

Шунингдек, хабарда айтилишича, Қозоғистон ваколатли органлари Туркия томони билан биргаликда табиий офат оқибатларини бартараф этиш учун қўшимча ёрдам кўрсатиш масаласини ўрганмоқда.

7 февраль куни 41 кишидан иборат қозоғистонлик қутқарувчилар ва шифокорлар отряди зилзила оқибатларини бартараф этиш ва жабрланганларга ёрдам кўрсатиш учун Олмаотадан Туркиянинг Газиантеп шаҳрига учиб кетди.

Қозоғистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабарига кўра, қутқарувчилар Иброҳимили вилоятида қидирув-қутқарув ишларини бошлаган. Қутқарув гуруҳи вайрон бўлган турар-жой объектларини текшириш учун икки гуруҳга бўлинган. Бошқарманинг тезкор маълумотларига кўра, марҳумларнинг жасади аллақачон вайроналар остидан олиб чиқилган.

8 февраль куни эрталаб, сўнгги маълумотларга кўра, қидирув-қутқарув ишлари давом этаётган Туркия жануби ва Суриянинг шимолий ҳудудларида 7,2 мингдан ортиқ киши зилзила қурбони бўлди. Туркияда қурбонлар сони 5400 нафарга етди, 32 мингдан ортиқ киши жароҳат олди. Тахминан 6000 та бино вайрон бўлган, жумладан, кўп қаватли турар-жой бинолари.

Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги кеча Туркияда ҳалок бўлган ва яраланган қозоғистонликлар ҳақида маълумот йўқлигини маълум қилди. Туркия Давлат статистика институти маълумотларига кўра, ўтган йили мамлакатда 45 минггача қозоғистонлик яшаган. Туркиядаги муҳожирлар асосан Истанбул, Анқара ва Анталия каби сайёҳлик шаҳарларида истиқомат қилишади. Мамлакатда, шунингдек, ўтган асрнинг ўрталарига яқинроқ Туркияга жойлашиб олган этник қозоқларнинг оилалари ҳам яшайди.

XS
SM
MD
LG