Ссылки доступа

Ўзбекистонлик қутқарувчилар Туркияда 9 кишини қутқарди


Ўзбекистон ФВВ бўлинмалари ходимлари Туркияга етиб борди. Улар 8 февраль соат 08:00 ҳолатига кўра, вайроналар остидан турли тан жароҳатлари олган 9 кишини қутқариб олди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълум қилди.

Қайд этилишича, Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги қутқарувчилари Туркияга етиб бориши билан зилзила юз берган ҳудудда қидирув-қутқарув ишларини бошлаб юборган.

“8 февраль куни соат 8:00 га қадар 132 м.кв. майдонда 430 метр.куб вайроналарни тозалаш ишлари бажарилди. Натижада 9 нафар инсон турли хилдаги тан-жароҳатлари билан қутқарилди ва уларга жойида биринчи тиббий ёрдам кўрсатилди”, - дейилади хабарда.

Шунингдек, 12 нафар қурбоннинг жасади вайроналар остидан олиб чиқилган.

Ҳозирда зилзиладан талофат кўрган Туркияга етиб борган Ўзбекистон ФВВ бўлинмалари Хатай провинциясининг Овакенти ва Жумабозорида қидирув-қутқарув ишларини амалга оширмоқда.

Туркияга Ўзбекистондан 60 нафар ФВВ қутқарувчилари ва 3 та махсус авария-қутқарув техникаси юборилган. Улар 7 февраль куни жўнаб кетган. 7 февраль 17:00 ҳолатига Туркиядаги табиий офат оқибатида 1 нафар Ўзбекистон фуқароси ҳалок бўлган, 15 нафар ўзбекистонлик қидирилаётган эди, улардан 2 нафари билан алоқа ўрнатилиб, 13 нафарини қидирув ишлари давом этмоқда.

XS
SM
MD
LG