Ссылки доступа

БП: Нукус воқеалари бўйича хавфсизлик кучлари ходимларидан уч нафари ҳибсга олинган


Қорақалпоғистонда ўтган йилнинг 1-2 июль кунлари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимларининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари юзасидан қўзғатилган жиноят ишлари тергови доирасида 3 нафар шахсга нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан айблов эълон қилиниб, қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

Бу ҳақда маълумот тарқатган Бош прокуратура матбуот хизматига кўра, айни пайтда мазкур жиноят ишлари бўйича тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

“Тергов натижаси бўйича жиноят ишларининг судга юборилиши таъминланади”, дейилган БП хабарномасида.

Ўтган йилнинг декабрь ойида Нукус воқеаларини ўрганиш бўйича Олий Мажлис томонидан тузилган мустақил комиссия Қорақалпоғистондаги воқеаларга оид жамоатчиликни қизиқтираётган масалалар юзасидан Бош прокуратурага қатор саволларни йўллагани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган.

Комиссиянинг ўша мурожаатномасида “оммавий тартибсизликлар вақтида ва айбдорларни қўлга олиш жараёнида хизмат ваколатидан четга чиқиб, заруратсиз куч ва воситаларни ишлатган ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларига нисбатан қонуний чора кўриладими?” деган савол ҳам бор эди.

Бу саволга БП вакиллари: “Жамоат тартибини сақлашга сафарбар қилинган ҲМҚО ходимлари томонидан оммавий тартибсизлик иштирокчиларига нисбатан қурол ва махсус воситалар қўлланилганлиги ҳолатига алоҳида иш юритувига ажратилган жиноят иши доирасида ҳуқуқий баҳо берилади. 2 нафар фуқаронинг вафоти ҳолати юзасидан ЖКнинг тегишли моддалари билан қўзғатилган жиноят ишлари доирасида прокуратура идоралари томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, тергов якунига кўра, айбдор деб топилган шахсларга нисбатан қонуний қарорлар қабул қилиниши таъминланади”, дея жавоб беришган.

Ўшанда улар ҲМҚО ходимлари томонидан хизмат ваколатларидан четга чиқиб, заруратсиз куч ва воситалар ишлатилгани ўз тасдиғини топиб, суд муҳокамасига юборилган тақдирда, Жиноят-процессуал кодексида назарда тутилган тартибда очиқ суд мажлисларида кўриб чиқилишини қўшимча қилганлар.

Аввалроқ АҚШ, Европа Иттифоқи, БМТ ва халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ўзбек расмийларини Қорақалпоғистондаги воқеалар юзасидан очиқ, ҳар томонлама ва шаффоф тергов ўтказишга, тинч намойишчиларга қарши ҳаддан зиёд куч қўлланилганига оид иддаоларни текширишга чақиришган.

Нукус воқеалари бўйича Бухородаги илк суд жараёни шу йилнинг 31 январида ўз ниҳоясига етиб, ҳукм ўқилган. 22 кишига оид иш кўрилган ўша судда асосий айбланувчи сифатида кўрилаётган Даулетмурат Тажимуратов 16 йилга қамалган, яна 17 киши 3 йилдан 8,5 йилгача озодликдан маҳрум этилган, Лолагул Қаллиханова дохил тўрт киши эса суд залидан озод қилинган.

Мазкур суд ҳукми билан 6 йилга қамалган Пўлат Шамшетов 4 февраль куни Бухородаги тергов ҳибсхонасида вафот этган. Суд-тиббий экспертизаси ишчи гуруҳи унинг ўлимига ўпка артерияси тромбоэмболияси, ўткир юрак-қон томири етишмовчилиги сабаб бўлганини билдирган. Қорақалпоғистонлик фаол Ақилбек Муратов Озодликнинг Current Time лойиҳаси билан суҳбатда Пўлат Шамшетовнинг ҳибсхонадаги ўлимини “ғалати” деб атаб, унинг Нукус воқеалари чоғида хавфсизлик кучлари томонидан ўқотар қуролдан фойдаланилган-фойдаланилмагани юзасидан асосий гувоҳ бўлганини айтган.

“Ўзбекистон расмийлари ҳеч қанақа қурол қўлланилмаганини айтишмоқда, Human Rights Watch халқаро ташкилоти вакиллари дохил ҳуқуқ фаоллари ҳодиса чоғида ўқотар қурол ва гранаталардан фойдаланилгани ҳақида ҳисоботлар чиқарган. Қорақалпоғистондаги июль воқеаларининг энг муҳим бўлган жиҳатларидан бири бўлган айнан шу ҳолат бўйича Пўлат Шамшетов асосий гувоҳлардан бири эди”, деган эди жумладан Ақилбек Муратов.

Қорақалпоғистондаги воқеаларга оид иккинчи суд мажлиси 6 февраль куни Бухоро вилоят суди биносида бошланган. Бу гал судланаётган 39 киши орасида интернетда одамларни сепаратизмга даъват қилиш, оммавий тартибсизликларга чақириш, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларига қарши куч ишлатиш, уларга тегишли қурол-аслаҳаларни тортиб олиш ва бошқа ноқонуний хатти-ҳаракатларда гумонланаётганлар бор. Озодлик аввалроқ иккала маҳкамада ҳам судланувчилар ичида Қорақалпоғистонда намойиш иштирокчиларига қарши ноқонуний куч қўллаганликда гумонланган хавфсизлик кучлари ходимлари кўринмаётганига эътибор қаратган эди.

Нукус воқеалари чоғида, расмий маълумотларга кўра, 21 киши ҳалок бўлган, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари дохил 243 киши яраланган. Намойишлар куч билан бостирилган, бироқ ўзбек расмийлари ҳарбийларнинг намойишчиларга қарата ўқ узганини рад этган, Миллий Гвардия, ИИВ ҳамда Мудофаа вазирлиги намойишларни бостириш чоғида қўлланган махсус воситаларни намойиш қилган.

XS
SM
MD
LG