Ссылки доступа

Чеченистон парламенти Рамзан Қодировга “халқ отаси” мақомини бериш қарорини маъқуллади


Чеченистон парламенти ўз конституциясига республикада “Мехк-Да” лавозимини жорий қилиш дохил тузатишлар киритиш таклифини бир овоздан маъқуллади.

Озодликнинг Кавказ.Реалии лойиҳаси қайдича, “Мехк-Да” сўзма-сўз таржима қилинганда “ўлка отаси” маъносини англатади, бироқ эл орасида “халқ отаси” маъносида қўлланилади.

Чеченистон конституциясига ўзгартишлар киритиш масаласи маҳаллий парламент раҳбари Магомед Даудов томонидан таклиф қилинган. Ўзгартишлардан бири Рамзан Қодировга “халқ отаси” мақомини беришига ОАВ эътибор қаратиши ортидан Россия Давлат думасидаги чеченистонлик депутат Адам Делимханов “Мехк-Да” чечен тилидан “республиканинг олий мансабдор шахси” дея таржима қилинишини билдирган.

“Мехк-Да” тушунчаси Чеченистон Раҳбарининг дин, халқ, унинг манфаатлари, маданияти, тарихи, анъана ва урф-одатларининг ҳимоячиси сифатидаги ролини тўлиқ акс эттиради!” – деб ёзган Делимханов Telegram-каналида.

Рамзан Қодиров Чеченистонга 2007 йилдан буён раҳбарлик қилиб келади. Ҳуқуқ фаоллари уни инсон ҳуқуқлари бузилиши ҳамда ўз танқидчиларининг ўғирланиши ва қатл этилишида бир неча бор айблашган. Чеченистон раҳбарига нисбатан Европа Иттифоқи, АҚШ ва бошқа қатор мамлакатлар санкциялар жорий этишган.

Россия қўшинлари Украинага бостириб кирган 2022 йил 24 февралидан кейин Р. Қодиров урушнинг энг асосий ташвиқотчиларидан бирига айланган. Чеченистон раҳбари урушга жўнатилаётган ёлланма жангчилар ҳақида мунтазам равишда ҳисобот бериб, Украинадаги олий мансабдор шахсларга ўлим билан таҳдид қилиб келади.

XS
SM
MD
LG