Ссылки доступа

Арманистон ва Туркия чегараси 35 йилдан сўнг илк бор очилди


Арманистон ва Туркия ўртасидаги қуруқлик чегараси 11 февраль куни 35 йилда илк бор бешта юк машинасидан иборат юз тонналик гуманитар карвонни ўтказиш учун очилди.

Озодлик радиоси арман хизмати – Азатутюннинг хабар беришича, гуманитар юкни Арманистон жўнатган.

Бундан аввал Арманистон (ўша пайтда СССР таркибида бўлган) ва Туркия чегараси 1988 йилда зилзиладан вайрон бўлган Спитак шаҳрига гуманитар юк ўтказиш учун очилган эди. Ўшанда инсонпарварлик ёрдамини Туркия жўнатганди.

Бир неча кун олдин Арманистондан Туркияга 27 кишидан иборат қутқарувчилар гуруҳи жўнатилди.

Туркия ва Арманистон ўртасидаги муносабатлар тарихий сабаблар ва Анқара Тоғли Қорабоғ масаласида Озарбайжонни қўллагани оқибатида кескинлигича қолмоқда.

Арманистон қатор давлатлар қаторида Биринчи жаҳон уруши пайтида Усмонли империясида арманлар оммавий қирғин қилинган ва бу геноцид бўлган деб ҳисоблайди. Туркия эса буни инкор қилиб келади.

Икки давлат ўртасда дипломатик алоқалар мавжуд эмас. Айни пайтда Анқара ва Ереван муносабатларни яхшилаш масаласида музокаралар ўтказиб келмоқда.

Сўнгги маълумотларга қараганда, Туркияда зилзиладан ҳалок бўлганлар сони 29,5 минг кишидан ошган.

XS
SM
MD
LG