Ссылки доступа

Қозоғистон бош вазири ўринбосари Уралск аэропорти улуши россияликларга ўтишига изоҳ берди


14 февраль куни Қозоғистон бош вазири ўринбосари Альтай Кулгинов журналистларнинг Уралск аэропорти акцияларининг 49 фоизи россиялик олигарх компаниясига ўтказилиши ҳақидаги саволларига жавоб берар экан, вазиятни тартибга солиш зарурлигини айтди.

Илгари Кулгинов вилоят маркази Уралск шаҳри бўлган Ғарбий Қозоғистон вилояти ҳокими лавозимида ишлаган.

“Қўниш-учиш йўлаги капитал таъмирланди, ҳатто янги терминал қурилди. Буларнинг барчаси давлат кўмагида амалга оширилди. Булар давлат таъмирлаган стратегик объектлар, давлатга тегишли, деб ҳисоблайман. Терминал хусусий мулк эди. Аммо бу хусусий инвестор учиш-қўниш йўлаги ёки терминални таъмирлаш учун бир тийин ҳам сармоя киритмади, ҳаммаси давлат томонидан амалга оширилди”, деди Кулгинов.

Ўз навбатида, Молия вазири Ерулан Жамаубаев Урал аэропорти ишончли бошқарувда эканлигини айтди. Аэропортнинг маълум бир қисми ҳокимлик ва маҳаллий СЭСга тегишли.

“Билишимча, фақат учиш-қўниш йўлаги республика мулкида. Шундай қилиб, норезидентлар стратегик объектга эгалик қилмайди. Гап стратегик, учиш-қўниш йўлаги ҳақида эмас, шунчаки аэропортни бошқарадиган МЧЖ ҳақида”, — дея унинг сўзларини келтиради LS нашри.

Вазир тўлиқ маълумот беришга ваъда берди, аммо кейинроқ.

Россия чегарасидан юз километр узоқликда жойлашган Ғарбий Қозоғистон вилоятининг маъмурий маркази Уралск шаҳрида аэропорт сотилгани ҳақидаги хабарлар 10 февраль куни пайдо бўлди. Маншук Маметова номидаги халқаро аэропортнинг янги асосчиси «Орал аэропорт холдинг» ҳисобланади. 2022 йил июль ойида ташкил этилган компания россиялик миллиардер Виктор Векселберг билан боғлиқ бўлган Экатеринбургдаги «Ретранс» акциядорлик жамиятига тегишли. Мамлакати Украинада бошлаган уруш туфайли унга қарши Ғарб санкциялари жорий қилинган.

«Орал аэропорт холдинг»нинг яна икки эгаси «Уральск менеджмент» (бенефициар ва компания раҳбари Орал аэропорт холдинг раҳбари Сергей Артюгин) ва Даулетхан Қилибаев бўлиб, аввал Қозоғистон тараққиёт банки ва Казазотда юқори лавозимларда ишлаган.

ҒҚВ маъмурияти Уралск аэропортининг россиялик олигархга алоқадор компанияга сотилгани ҳақидаги хабарларни изоҳлар экан, янги терминал биносининг ишончли бошқарувининг “озгина улуши” сотиб олинганини маълум қилди. Ҳокимиятнинг таъкидлашича, улар келишув ҳақида «билмаганлар» ва аэропортнинг ўзи давлат мулки бўлиб қолмоқда.

“Ҳеч қандай ташвиш бўлмаслиги керак. Бу асосий пакет эмас”, - деди ҳокимлик вакили Айдар Менеев. У Россия компаниясига ўтказилган акцияларнинг 49 фоизини "кичик улуш" деб атади.

XS
SM
MD
LG