Ссылки доступа

Давлат мулки қўмитаси: “Тожиксодиротбанк” бош идораси биносига харидор топилмади


Кимошди савдосига қўйилган “Тожиксодиротбанк” бош офиси биноси ўз харидорини топа олмади. Бу ҳақда 14 феврал куни Душанбеда бўлиб ўтган матбуот анжуманида Инвестициялар ва давлат мулкини бошқариш давлат қўмитаси раиси Саъдий Қодирзода маълум қилди.

Ким ошди савдосида объектнинг бошланғич баҳоси қарийб 12 миллион доллар ёки 125 миллион 265 минг 630 сомонийни ташкил қилди.

Саъдий Қодирзода “Тожиксодиротбанк” мулкининг бир қисми кимошди савдоларида сотилгани, бироқ бош офис биноси учун харидор топилмаганини таъкидлади.

“Тожиксодиротбанк” бош офиси биноси ўтган йилнинг май ойида кимошди савдосига қўйилган эди. Хабар қилинишича, 12 миллион доллар бошланғич нарх бўлиб, у талаб ва таклифга қараб ошиши ёки камайиши мумкин. Эълонда айтилишича, объектнинг майдони 22 минг квадрат метрдан ортиқ.

Давлат мулк қўмитаси раҳбарининг сўзларига кўра, аукционда бошланғич баҳоси 25 миллион доллар ёки 225 миллион 285 минг 624 сомоний бўлган “Тожикистон” меҳмонхонаси биносига харидорлар қизиқиш билдирмаган. “Тожикистон” меҳмонхонаси аввал “Тожиксодиротбанк”нинг асосий акциядори Тожиддин Пирзодага тегишли эди. Давлат мулк қўмитаси маълумотларига кўра, меҳмонхона (майдони 2 гектардан ортиқ) 139 та хонага эга.

2021 йил 21 май куни Тожикистон Миллий банки иккита муаммоли банк – “Тожиксодиротбанк” ва “Агроинвестбанк” тугатилганини эълон қилди. Иккала кредит ташкилоти ҳам 2015 йилдан буён инқирозга юз тутиб, омонатчиларнинг жамғармаларини қайтариб бера олмади. Шундан сўнг Миллий банк икки банкнинг лицензияси бекор қилингани, суд қарори билан ушбу икки банкда ўз активларини омонатчилар фойдасига сотувга қўйган ташқи бошқарувчилар тайинлангани ҳақида маълум қилди.

Давлат мулк қўмитаси раиси Саъдий Қодирзода 2022 йилда “Тожиксодиротбанк” ва “Агроинвестбанк”нинг 8 та объекти 20 миллион сомонийдан ортиқ суммага сотилганини маълум қилди.

Расмий маълумотларга кўра, лицензия бекор қилинган вақтда “Агроинвестбанк”да 28 мингга яқин, “Тожиксодиротбанк”да эса 5,5 минг мижоз бўлган.

Жисмоний шахслар жамғармаларини суғурталаш фонди сомонийда қўйилган омонатларга 30 минг сомонийгача тўлайди. Хорижий валютадаги банк омонатлари эгалари 21 минг сомонийгача бўлган миқдорда компенсация оладилар.

XS
SM
MD
LG