Соиповнинг билдиришича, уни видеолавҳадаги фактлар бўйича кўрсатма бериш учун прокуратурага таклиф қилишган.
Айни пайтда Соипов Берлинда бўлиб тургани учун кўрсатма беришга бора олмаган, аммо терговчи саволларига онлайн жавоб қайтаришга розилигини айтган. Ҳарбий прокуратура журналистдан чегарадан ўтаётганда ноқонуний ҳаракатларга дучор бўлган ўзбекистонликларнинг телефон рақамларини тақдим этишни илтимос қилган.
Қирғизистон Бош прокуратураси журналист ҳарбий прокуратурага кўрсатма бериш учун чақиртирилганини тасдиқлади.
13 февраль куни интернетда тарқатилган видеолавҳада айрим ўзбекистонликлар “Дўстлик” чегарасидан ўтаётганда қирғиз чегарачилари уларни “қўрқитиб пул олаётгани” тўғрисида гапириб берганлар. Видео эълон қилинганидан сўнг Қирғизистон Чегара хизмати ички хизмат текшируви бошланганини маълум қилган.
Соипов видеолавҳа эълон қилинганидан сўнг ўзига нисбатан оғзаки таҳдидлар бўлаётганини Фейсбук саҳифасида ёзган.
Ўшлик журналист Шохруҳ Соипов Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасидаги “Дўстлик” назорат ўтказиш пунктида қирғиз чегарачилари ўзбекистонликлардан пул талаб қилаётгани тўғрисидаги материали ортидан ҳарбий прокуратурага чақиртирилди. Бу ҳақда журналистнинг ўзи хабар берди.