Ссылки доступа

Қирғизистон ва Ўзбекистон чегараларини белгилаш бўйича учрашув бўлиб ўтди


12—18 февраль кунлари Фарғона шаҳрида Қирғизистон ва Ўзбекистон ҳукумат делегациялари ишчи гуруҳларининг бўлажак чегарани демаркация қилиш масалалари бўйича учрашуви бўлиб ўтди. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамаси матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, томонлар демаркация жараёнини тартибга солувчи ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаган ва чегаранинг алоҳида участкаларини ўрганиш жадвалини келишиб олган.

Вазирлар Маҳкамаси маълумотларига кўра, йиғилиш якунлари бўйича баённома имзоланган ва навбатдаги йиғилиш Қирғизистон Республикаси ҳудудида бўлиб ўтади.

2022 йил ноябрь ойида Қирғизистон ва Ўзбекистон 30 йилдан ортиқ давом этган чегара можаросига чек қўйганини эълон қилди. Томонлар давлат чегарасининг аниқланмаган қолган 15 фоизи ёки 312 километри бўйича консенсусга келишди.

Икки республика парламентлари келишувларни маъқулладилар, шундан сўнг икки давлат президентлари Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасида Давлат чегарасининг айрим участкалари тўғрисидаги шартномани ва Кампиробод сув ресурсларини биргаликда бошқариш тўғрисидаги шартномани ратификация қилиш тўғрисидаги қонунларни имзоладилар. 2023 йилнинг январь ойида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Бишкекга давлат ташрифи билан келди ва икки давлат раҳбарлари ратификация ёрлиқларини алмашишди.

Айни пайтда келишув бандларидан бири, яъни Кампиробод сув омбори остидаги ерларнинг бошқа ер участкалари эвазига Ўзбекистонга берилиши Қирғизистонда жамиятнинг бир қисми норозилигига сабаб бўлди. Шу фонда мамлакатда Кампиробод иши деб номланган жиноий иш очилиб, 30 га яқин сиёсатчи ва фаоллар ҳибсга олинган.

Ўзбекистон билан чегара Қирғизистоннинг энг узун ташқи чегараси ҳисобланади. Унинг узунлиги 1314 километрни ташкил қилади. Икки давлат чегараларида мувофиқлаштирилмаган участкалар туфайли тез-тез низолар келиб чиқади, уларнинг баъзилари одамларнинг қурбон бўлишига олиб келди.

XS
SM
MD
LG