Ссылки доступа

Россия ва Украина бир бирини ядровий шантажда айблади


Россия АҚШ президенти Жо Байденнинг Польшага ташрифи ва Украинага босқиннинг бир йиллиги арафасида кенг қамровли ядровий ҳарбий машғулотларни ўтказади.

Бу ҳақда Украина Мудофаа вазирлиги Бош разведка бошқармаси баёнотида билдирилди. Аммо Россия томони ҳозирча ядровий машғулотлар ўтказилиши юзасидан билдирув тарқатмади.

Украина баёнотида таъкидланишича, Россия “Монолит” марказлашган ҳарбий тизими бошқарувини текширувдан ўтказди ва тизимни жанговар шай ҳолатга келтирди. Баёнотда Россия стратегик ядровий кучлари денгиз ва ер усти баллистик ракеталари ҳамда ҳаво қанотли ракеталари синовини ўтказишни режалаштиргани ҳам қайд этилади.

Украина разведкаси бу ҳаракатлар Байденнинг 20-22 февраль кунлари амалга ошириладиган Европа сафарига “ядровий шантаж йўли билан” тўсқинлик қилиш ва Украинанинг халқаро ҳамжамият томонидан дастакланишини заифлаштириш учун қилинмоқда, деб ҳисоблайди.

Ўз навбатида Россия Мудофаа вазирлиги якшанба куни Украинани ядровий шантажда айблади. Вазирлик баёнотида Европа давлатларидан биридан “Украинага радиоактив моддалар юкланган контейнерлар жўнатилгани”, бундан мақсад “ҳудудлардан бирида локал радиоактив зарарланиш инсценировкасини амалга ошириш” экани айтилади.

Вазирлик баёнотида айтилишича, бу “зарарланиш учун айб Россия зиммасига юклатилади” ва бу иш “БМТнинг Бош Ассамблеяси иш бошлаши арафасида амалга оширилиши режалаштирилган”.

Украина ҳукумати бу баёнотга ҳозирча муносабат билдирмади.

XS
SM
MD
LG