27 январь куни Эрон пойтахтидаги Озарбайжон дипломатик миссиясига қуролли ҳужум натижасида хавфсизлик хизмати раҳбари ҳалок бўлди, икки қўриқчи яраланди.
Илҳом Алиев Озарбайжоннинг Теҳрондаги элчихонасига қилинган ҳужумни “уюшган террорчилик ҳаракати” деб атади. Унинг сўзларига кўра, террорчини қуролсизлантирган қўриқчилардан бирининг жасоратигина дипломатлар ва уларнинг оила аъзоларининг ҳаётини сақлаб қолган.
“Террорчининг ҳужумдан кейин Эрон ОАВларига интервью бергани унинг Эрон истеблишменти вакиллари томонидан юборилганидан далолат беради”, — дея қўшимча қилди Озарбайжон раҳбари.
Алиев Эрон расмийларидан ошкора тергов олиб боришни ва Бокуни иш ҳақида хабардор қилишни талаб қилди.
Мюнхен халқаро конференцияси доирасида журналистлар билан суҳбатлашган Озарбайжон раҳбари террорчилик ҳаракати ташкилотчилари – Эрон ҳокимияти вакиллари жавобгарликка тортилганидан кейингина муносабатларни нормаллаштириш ҳақида гапириш мумкинлигини таъкидлади.
Алиевнинг баёнотига жавобан Эрон Ташқи ишлар вазирлиги сўзловчиси Носир Канъоний Бокуни Озарбайжоннинг Теҳрондаги элчихонасига қилинган ҳужумга нисбатан нотўғри қараш ва сиёсийлашган баёнотлардан қочишга чақирди.
“Оммавий ахборот воситаларига ҳодисанинг қонуний бўлмаган талқинларини бериш суд жараёнида конструктив чора эмас”, деди Канъони 19 февраль куни берган баёнотида.
Эрон Ташқи ишлар вазирлиги вакили “ушбу аччиқ ҳодисанинг барча жиҳатлари тўғри ва малакали тарзда текширилмоқда ва ўрганилмоқда”, деб ишонтирди. Унинг сўзларига кўра, Теҳрон аллақачон Озарбайжон томонига тергов натижаларини тақдим этишга тайёрлигини билдирган.
27 январь куни Калашников автомати билан қуролланган шахс Озарбайжоннинг Теҳрондаги элчихонасига ҳужум қилди. Хавфсизлик хизмати раҳбари ҳалок бўлди, дипломатик миссиянинг яна икки қўриқчиси яраланди. Жиноятчи қўлга олинди. Сўроқ пайтида у ҳужумни оилавий муаммолар туфайли содир этганини тан олди. У турмуш ўртоғини элчихона биносида деб ўйлаган ва у 2022 йилнинг апрелида у билан алоқани тўхтатган, деб ёзади Эрон ОАВ.
29 январь куни дипломатик миссия ходимлари ва уларнинг оила аъзолари Теҳрондан Бокуга олиб кетилди. Озарбайжоннинг Теҳрондаги элчихонаси дипломатик фаолиятини тўхтатди. Ҳозирда элчихона маъмурий биноси ва мулкини қўриқлаётган беш нафар ходим фаолият юритмоқда. Эронда фақат мамлакатнинг Табриздаги консуллиги ўз фаолиятини давом эттирмоқда.