Ссылки доступа

Садир Жапаров Қирғизистоннинг собиқ президентлари билан учрашув тафсилотлари билан ўртоқлашди


Қирғизистон президенти Садир Жапаров 21 февраль куни «Кабар» давлат ахборот агентлигига берган навбатдаги интервьюсида собиқ давлат раҳбарлари билан учрашувнинг баъзи тафсилотларини маълум қилди.

Унга кўра, Дубайдаги умумий йиғилиш олдидан Бишкекда Алмазбек Атамбаев ва Сооронбай Жеенбеков ўртасида учрашув ташкил этилган. Жапаров “улар ярашишган ва бир-бирларини кечиришган”лигини қайд этган.

“Кейин Дубайда учрашув ташкил этилди. Ҳар бири билан алоҳида гаплашдик, Дубайда учрашишга келишиб олдик. Лекин биз уларга бир-биримиз ҳақида гапирмадик. Бу тўғри. Бўлмаса, баъзилари келмасди. […] Учрашувда мен ҳозир бўлган ҳеч ким олдида молиявий ёки сиёсий мажбуриятим йўқлигини ва уларнинг ҳеч бири менинг президент бўлишимга ҳеч қандай алоқаси йўқлигини айтдим. [...] Учрашувни ташкил қилиш учун фақат битта сабаб бор эди - келишувга келиш. Раҳбарлар бир тўхтамга келмагунча, қолганлар билан қийин бўлади. Шунинг учун улар тарафдорларини тинчликка чақиришлари керак”, - деди Жапаров.

Унинг сўзларига кўра, собиқ президентлар унинг ташаббусини қўллаб-қувватлаган. Учрашув тўрт соатга яқин давом этди.

Президент Қирғизистон суди томонидан сиртдан ҳукм қилинган ва Бош прокуратура аввалроқ хабар берганидек, агар у мамлакатга келса, жиноий жавобгарликка тортилиши керак бўлган Қурманбек Бакиев ҳақидаги саволга ҳам жавоб берди.

Жапаровнинг сўзларига кўра, йиғилишда у 13 йил ичида Бош прокуратура Беларусга экстрадиция масаласи бўйича 4 марта мурожаат қилгани, аммо рад этилганини эслатди.

– Конституциямизнинг 66-моддасига кўра, “Президент халқ ва давлат ҳокимияти бирлигини таъминлайди”. Мен ўз вазифамни бажараман. Жавобгарликка келсак, ҳар ким ўз айбига Худо, тарих ва қонун олдида жавоб беради. […] Кўпчилик бу учрашувдан мақсад Бакиевни қайтариш эди, деб ёзди. Уни қайтармоқчи бўлганимизда, ҳаммани Дубайда эмас, Бишкекда йиғардик. Бакиевдан бошқа ҳамма Бишкекка келиши мумкин. Бакиевга нисбатан суд қарори бор. Агар қайтиб келса, қамоққа олиниши керак. Биз суд қарорига бўйсунишимиз керак”, — деди Жапаров.

Суҳбат сўнгида у бундай учрашувлар давом этишини ва “барча сиёсатчиларни муроса столига ўтиришга тайёрлигини” билдирди.

18 февраль куни президент Садир Жапаров ўзининг Facebookдаги саҳифасида мамлакатнинг барча собиқ президентлари билан учрашганини маълум қилди. У "улар бир-бирларини кечира олишди" деб ёзган.

Кейинроқ Қирғизистон Республикасининг собиқ президенти Алмазбек Атамбоев учрашув ҳақида фикр билдирар экан, “мамлакатда тинчлик ва бирдамлик ўрнатилиши ва Бакиевларнинг Қирғизистонга қайтиши икки катта фарқдир”, деди. Асқар Акаев ҳам учрашув ҳақида гапириб, Жапаров ташаббусини қўллаб-қувватлашини таъкидлади.

Қирғизистон мустақилликка эришганидан бери президентлик лавозимларида Асқар Акаев (1991–2005), Қурманбек Бакиев (2005–2010), Роза Отунбаева (2010–2011), Алмазбек Атамбаев (2011–2017) ва Сооронбай Жеенбеков (2017–2020) бўлган.

Акаев 2005 йилги инқилобдан кейин, Бакиев эса 2010 йил апрель воқеаларидан кейин мамлакатни тарк этган. Ҳозир иккаласи ҳам хорижда, Акаев Россияда, Бакиев Беларусда яшайди.

Роза Отунбаева 2010 йилги инқилобдан кейин мамлакатни бошқарган. 2011 йилда сайланган Алмазбек Атамбаев муддатининг охиригача ишлаган, бироқ кейинчалик собиқ президент мақомидан маҳрум қилинган. У 3,5 йилдан ортиқ қамоқда ўтирди ва бир неча кун олдин озод қилинди. Жеенбеков 2020 йил октябрь воқеалари натижасида президентлик лавозимини муддатидан аввал тарк этган эди.

XS
SM
MD
LG