Ссылки доступа

Мирзиёев Сиси билан Ўзбекистон-Миср ҳамкорлигини ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди


Мисрда расмий ташриф билан юрган Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 21 февраль куни Қоҳирадаги “Ал-Иттиҳодия” саройида мезбон президент Абдулфаттоҳ ас-Сиси билан сиёсат, хавфсизлик, савдо ва саноат кооперацияси соҳаларидаги ҳамкорликни тубдан кенгайтириш ҳамда маданий-гуманитар ва таълим алоқаларини мустаҳкамлаш масалалари бўйича музокаралар ўтказган. Бу ҳақда президент матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Қайд этилишича, учрашув чоғида томонлар коррупцияга, хавфсизлик соҳасидаги замонавий хатар ва таҳдидларга қарши курашишда тажриба алмашишдан, Афғонистонни барқарорлаштириш ва қайта тиклаш бўйича халқаро ташаббусларни қўллаб-қувватлашдан манфаатдор эканликларини билдиришган.

“Ўзаро инвестициялар жалб қилиш учун қулай шароитлар яратишга келишиб олинди. Икки мамлакат иқтисодиётлари бир-бирини тўлдириб турувчи хусусиятга эга эканидан келиб чиқиб, бешта аниқ йўналишда - газ-кимё, тўқимачилик, электротехника, заргарлик ва фармацевтика тармоқларида ҳамкорлик қилиш чоралари белгилаб олинди”, дейилган хабарномада.

Шунингдек, президентлар мулоқоти чоғида энергетика соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, Ўзбекистон ва Мисрни боғлаб турган транспорт йўлакларини ривожлантириш, маданий-гуманитар ва диний алоқаларни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинган, хусусан, араб тили мутахассисларини тайёрлаш соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш юзасидан келишувга эришилган. Учрашув якунида Мирзиёев президент Сисини Ўзбекистонга ташриф билан келишни таклиф этган.

Ўзбекистон президентининг Мисрга икки кунлик расмий ташрифи сешанба куни ниҳоясига етади. Аввалроқ икки президент мулоқоти олдидан Ўзбекистон билан Миср ишбилармон доиралари ўртасида умумий қиймати 1,6 миллиард долларлик 20 дан зиёд битим ва шартномалар имзолангани хабар қилинган.

XS
SM
MD
LG