Ссылки доступа

Тожикистонда Хатлон НМНҚ раҳбари фирибгарликда айбланиб ҳибсга олинди


Тожикистон президенти ҳузуридаги Наркотик моддаларни назорат қилиш агентлигининг юқори мартабали ходими Нодир Муродзода Тожикистонда қўлга олинди.

У фирибгарликда ва гиёҳванд моддалар савдосида гумон қилинаётган шахснинг қариндошларидан пора олишга уринишда айбланмоқда.

Озоди радиосининг мазкур агентлик ва прокуратурадаги манбалари 26 февраль куни Хатлон вилояти наркотикларга қарши кураш бошқармаси бошлиғи полковник Нодир Муродзода ва унинг қўл остидаги тўрт нафар ходими Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ходимлари томонидан қўлга олингани ҳақида хабар берди.

Давлат тузилмаларидан расмий хабарлар, шунингдек, уларнинг изоҳлари йўқ, бироқ Озоди радиоси суҳбатдошларига кўра, полковник Муродзода гиёҳванд моддалар контрабандасида гумон қилинаётган шахс ишида расмий ҳужжатларни қалбакилаштириш ва ундан 150 000 сомонийдан (13 700 доллар) ортиқ миқдорда пора олганликда айбланмоқда.

Бу ҳолат юзасидан Нодир Муродзоданинг ўзи ва яқинларининг фикрини билишнинг имкони бўлмади. Ушбу ҳолат Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ва Бош прокуратура томонидан тергов қилинмоқда.

«Озоди» радиосининг тергов органларидаги манбасига кўра, агентлик Нодир Муродзода бошчилигидаги бир гуруҳ ходимлари Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг Хатлон вилояти бўйича бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда наркотик моддалар контрабандасида гумонланган шахсни қўлга олган. Муродзода унинг ишини тергов қилишни ўз зиммасига олди, лекин мавжуд далилларга қарамасдан, уни жиноий жавобгарликдан чалғитишга ёки айбловни енгиллаштиришга ҳаракат қилди.

Ҳозирда Нодир Муродзода Душанбедаги Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг тергов изоляторида сақланмоқда. Унга қўйилган айблов 94 минг сомонийдан 140 минг сомонийгача жарима ёки 8 йилдан 12 йилгача озодликдан маҳрум қилишни назарда тутади.

XS
SM
MD
LG