Ссылки доступа

Президент 2023 йилда Ўзбекистонга киритилган инвестициялар ҳажми 42 миллиард долларга етишини иддао қилди


Ўзбекистон президенти 27 февраль куни ўтказилган йиғилишда 2023 йилга келиб мамлакатга киритилган жами инвестициялар ҳажми 42 миллиард долларга етишини иддао қилди.

Президент матбуот хизматининг билдиришича, 2022 йилда сўнгги йилларда барча тармоқлардаги дастурларга киритилган тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳажми 31 миллиард долларга етган. Бунинг оқибатида сўнгги 5 йилда саноат 1,4 баробар, экспорт 1,5 баробарга ошган.

Жорий йилда 11 миллиард долларлик тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни ўзлаштириш режалаштирилган. Бу билан жами инвестициялар миқдори 42 миллиард долларга етказилади.

Президентнинг айтишича, келгуси 5 йилда иқтисодиёт барқарор ўсиши учун саноатни яна 1,5 баробарга ошириш, экспортни 30 миллиард долларга етказиш мақсад қилиб қўйилган. Бунинг учун 120 миллиард доллар сармоя, жумладан, 70 миллиард доллар хорижий инвестиция зарур.

Жаҳон банки 2022 йилнинг майида ўзининг мамлакатлар иқтисодий ривожланишини таҳлил этадиган ва беш йилда бир марта эълон қиладиган навбатдаги ҳисоботида Ўзбекистонни бошқа давлатлардан камида 30 йил ортда қолганини белгилаган эди.

“Иқтисодий фаолиятнинг аҳамиятли қисми ҳанузгача марказлаштирилган давлат институтлари бошқарувидадир. Иқтисодиётни тизимли янгилаш дастабки босқичда. 2020 йилда иқтисодиётда қишлоқ хўжалигининг ялпи ички маҳсулотдаги ҳажми 26 фоизни ташкил қилган ва бу Европа ҳамда Марказий Осиёдаги энг юқори кўрсаткичдир”,- дейилади ҳисоботда.

Жаҳон банки ривожланган давлатлардаги иқтисодий жараёнларни олға силжитувчи хизмат кўрсатиш соҳаси Ўзбекистонда энг паст даражада эканини ва минтақанинг бошқа давлатларидаги даражага ҳам етиша олмаганини қайд этган.

XS
SM
MD
LG