Ссылки доступа

Қозоғистон АҚШга Россиядан таҳдидларни «кўрмаслигини» айтди


Қозоғистон ҳозирда Россиядан ҳеч қандай таҳдид кўрмаяпти. Бу ҳақда Қозоғистон ташқи ишлар вазири Мухтор Тлеуберди 28 февраль куни Остонага расмий ташрифи чоғида АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен билан қўшма матбуот анжуманида айтиб ўтди.

“Айни пайтда биз Россия Федерациясидан ҳеч қандай хавф ёки таҳдидни кўрмаяпмиз ва ҳис қилмаяпмиз. Қозоғистон Россия билан чегарадош ёки шу минтақада жойлашган бошқа давлатлар қатори Евроосиё иқтисодий иттифоқи, Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти, МДҲ аъзоси. Шунинг учун биз Россия билан муносабатларни ана шу кўп томонлама тузилмалар доирасида фаолият юритувчи иттифоқ сифатида кўрамиз”, — деди Тлеуберди Украинада содир бўлаётган воқеалардан нафақат иқтисодий, балки хавфсизлик жиҳатдан ҳам хавф ёки хавфни ҳис қиляпсизми, деган саволга жавоб берар экан.

Савол-жавоб олдидан Қозоғистон Ташқи ишлар вазири ушбу матбуот анжуманида сўзга чиқиб, “Қозоғистон ҳақиқатан ҳам Россия, ҳам Украина билан жуда тарихий алоқаларга эга”, эканлигини айтди. Унинг таъкидлашича, "вазият Қозоғистон ва унинг иқтисодиёти учун жуда оғир ва ҳукумат санкцияларнинг салбий оқибатларидан қочишга ҳаракат қилмоқда".

АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен 28 февраль куни Остонага ташрифи чоғида Қўшма Штатлар Қозоғистон суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлашини айтди. Reuters хабарига кўра, Блинкен Россиянинг қўшни Украинага бир йилдан ортиқ давом этаётган кенг кўламли ҳарбий босқинига ишора қилган.

Шунингдек, Марказий Осиёнинг бешта давлати ташқи ишлар вазирлари иштирокидаги С5+1 вазирлари учрашувида АҚШ Давлат котиби Марказий Осиёга Россияга қарамликни камайтиришда ёрдам беришга ваъда берди ва Вашингтондан янги 25 миллион долларлик ёрдам пакетини эълон қилди.

Шу билан бирга, АҚШ Давлат котиби Пекинни яна бир бор огоҳлантириб, агар Хитой Украинада бошлаган урушда Россияга ҳарбий ёрдам берса, унинг давлати жавоб беришдан тортинмаслигини айтди.

“Хитой икки ўриндиқда ўтиролмайди... Бир томондан, тинчлик таклифларини илгари суриш, иккинчи томондан эса, Россия ёққан олов алангасини амалда қўзғатиш мумкин эмас”, - деди у.

АҚШ Давлат котибининг режалаштирилган ташрифи 24 февраль куни маълум бўлди. Блинкен Остонага 28 февралга ўтар кечаси етиб келди. У Қозоғистон раҳбарияти, жумладан, Президент Қосим-Жомарт Тоқаев билан учрашувлар ўтказди, шунингдек, Марказий Осиё давлатлари ва АҚШ ташқи ишлар идоралари раҳбарларининг С5+1 форматидаги вазирлар учрашувида иштирок этди. Блинкен Остонадан кейин Тошкентга боради.

XS
SM
MD
LG