Ўзбекистонда энг оммавий таом — ош нархлари тўғрисидаги маълумотларни шакллантирувчи “Палов индекси” 2020 йилнинг январидан жорий этилган. Бундан мақсад Ўзбекистондаги энг оммавий таом мисолида инфляция даражасини ҳисоблаш бўлган эди.
Масалан, бошқа мамлакатларда “Биг-Мак индекси” ёхуд “Оливье индекси” сингари “шахсий инфляция” даражасини баҳолаш учун мезонлар шакллантирилган.
2020 йил февралида энг арзон ош нархи Сурхондарё вилоятида қайд этилган ва унинг 1 порцияси 11800 сўм, 1 килоси 82600 сўм бўлгани билдирилган. Ўшанда энг қиммат ош Самарқанд вилоятида бўлиб, бир порцияси 16800 сўмдан сотилгани айтилган.
2022 йилнинг охирларидан бошлаб, Статистика қўмитаси 1 кило ош нархини ўз ҳисоботидан олиб ташлади ва фақат 1 порция палов нархларини эълон қила бошлади.
Қўмита ҳеч қачон ой сайин "Палов индекси" неча сўмга қимматлагани ҳақидаги қиёсий маълумотларни жамоатчиликка тақдим этмаган.
Палов индексидан келиб чиққан ҳолда ҳисоб қилинадиган бўлса, 2020 йилга нисбатан энг қиммат паловнинг бир порцияси камида 10 400 сўмга, энг арзон палов нархи эса камида 7 200 сўмга қимматлаган.
Ўзбекистон Статистика қўмитаси февралдаги палов индексини эълон қилди. Қўмита ҳисоботида таъкидланишича, энг қиммат палов Тошкент шаҳрида бўлиб, унинг бир порцияси 27 200 сўм бўлган. Паловнинг энг арзон порцияси Фарғонада бўлиб, у 19 минг сўмдан сотилган.