Бу уларнинг Россиянинг Украинага кенг миқёсли бостириб киришидан кейинги биринчи учрашуви бўлди.
Reuters ва New York Times газеталарининг Давлат департаменти вакилига таяниб ёзишича, суҳбат 10 дақиқадан камроқ давом этган. Учрашув ҳақида олдиндан хабар берилмаган.
Америка вакилининг сўзларига кўра, Блинкен Лавров билан суҳбатда учта мавзуга тўхталган: давлат котиби АҚШ Украинани қўллаб-қувватлашда давом этишини айтган, Россияни СТАРТ-3 стратегик ҳужум қуроллари бўйича келишувга қайтишга чақирган ва шунингдек, Россия асиридаги америкалик Пол Уиланни озод қилишга чақирган.
Reuters агентлиги, шунингдек, расмийнинг сўзларидан иқтибос келтирган ҳолда, учрашув Россия тез орада ўз йўналишини ўзгартиришга тайёр деган таассурот қолдирмаганини айтди.
Ушбу қисқа учрашувда Лавровнинг нима дегани ҳозирча хабар қилинмади. Россия вазирининг ўзи ҳам учрашув ҳақида гапирмади. Россия Ташқи ишлар вазирлиги бу фактни тасдиқлади ва у «йўлда» ўтказилганини, гап тўлиқ музокаралар ҳақида эмаслигини таъкидлади.
Ҳиндистон раислиги номидан эълон қилинган қисқача баёнога кўра, G20 йиғилиши иштирокчилари Россия ва Хитойнинг Украинадаги урушга оид позицияси туфайли қўшма коммунике бўйича келиша олмадилар. Унда асосан иқтисодий масалалар, жумладан, Украинадан ғалла экспорти учун ғалла битими деб аталмиш келишувнинг аҳамияти ҳақида сўз боради. Шу билан бирга, Ҳиндистон дунёнинг энг йирик иқтисодиётларини бирлаштирган G20 давлатларининг аксарияти урушни қоралаганини маълум қилди.