Ссылки доступа

Германиядан ватанига депортация қилинган тожик мухолифати етакчисининг ўғли МХДҚ тергов изоляторида сақланмоқда


Абдулло Шамсиддин
Абдулло Шамсиддин

Германиядан Тожикистонга депортация қилинган Абдулло Шамсиддиннинг турмуш ўртоғи, яқин вақтгача тақдири номаълум бўлган тожик мухолифати етакчиси Шамсиддин Саидовнинг ўғли 7 март куни Озоди радиоси билан телефон суҳбатида унинг тергов ҳибсхонасида эканлигини айтди.

Аввалроқ мамлакат Бош прокурори ва ички ишлар вазири Абдулло Шамсиддиннинг қаерда эканлиги ҳақида ҳеч нарса билмаслигини айтган эди.

Абдулло Шамсиддиннинг рафиқаси Сумая Пированинг сўзларига кўра, бир кун аввал у билан телефонда гаплашган ва у унга МХДҚ терговчилари унинг иши бўйича тергов олиб бораётганини айтган.

Аввалига Сумая эрининг овозини танимаган, бироқ у эрининг бироз шамоллаганини, шунинг учун овози бўғилиб қолганини айтган. Расман Шамсиддиннинг қаердалиги, шунингдек, у нимада айбланаётгани ҳақида хабар берилмаган.

Суҳбатдошнинг айтишича, у икки фарзанди билан ҳам гаплашган. “Абдулло соғлиғидан шикоят қилмади ва нормал шароитда сақланишини, тергов изолятори ходимлари унга яхши муносабатда бўлишаётганини айтди”, — деди у.

Сумая Пирова турмуш ўртоғининг дарагидан хурсанд бўлсада, уни ўз кўзи билан кўрмагунча тинчимаслигини айтади. Аввалроқ у Миллий хавфсизлик давлат қўмитасига мактуб йўллаб, унда турмуш ўртоғи “астма билан касаллангани” ва унинг ҳибсда сақланаётган шароитларидан хавотирда эканини ёзган эди.

32 ёшли Абдулло Шамсиддин 2009 йилдан бери Германияда яшайди. Аввалроқ унинг муаммолари Германия миграция хизматида ўз вақтида рўйхатдан ўтмаганидан кейин бошлангани хабар қилинганди. Тожикистон Ислом Уйғониш партияси ҳам унинг Германиядан чиқариб юборилиши сабабларидан бири немис расмийларига ёлғон шахсий маълумотлар тақдим этилгани эканлигини тан олди.

Тожикистоннинг Берлиндаги элчихонаси ходими январь ойида Абдулло Шамсиддин аввалроқ аёлга нисбатан зўравонлик қўллаганликда гумонланиб ҳибсга олингани ва суд уни жарима тўлашга мажбурлаганини айтган эди. Шамсиддиннинг яқинлари бу фактни инкор этмайдилар, аммо бу воқеа 11 йил аввал содир бўлганини айтишади.

Хориждаги мухолифат гуруҳларини бирлаштирган Тожикистонда тақиқланган Тожикистон Миллий альянси вакиллари аввалроқ ўз ватанларига депортация қилинса, ТИУП фаолининг ўғли қийноқлар ва қамоқ жазоси билан таҳдид қилинишини билдирган эди. 2018 йилнинг январида Хатлон вилояти суди томонидан ТИУП асосчиси Саид Абдулло Нурийнинг собиқ ёрдамчиси Шамсиддин Саидовнинг ўзи сиртдан 15 йилга озодликдан маҳрум этилган эди.

ТИУП Тожикистон ҳукумати томонидан террорчи ташкилот деб эълон қилиниб, унинг мамлакатда фаолияти тақиқланганидан сўнг ушбу ва ҳукуматга мухолиф бўлган бошқа сиёсий гуруҳ ва ҳаракатларнинг кўплаб аъзолари ва тарафдорлари Европага, жумладан, Германияга қочиб, бошпана сўраган. Европа давлатлари расмийлари барча петицияларни қаноатлантирмаяпти ва аввалроқ ОАВда бошпана изловчиларнинг ватанига чиқариб юборилгани ва қамоққа олингани ҳақида бир қанча ҳолатлар хабар қилинган эди.

XS
SM
MD
LG