Қирғизистон ҳукумати матбуот хизмати маълумотига кўра, Жапаров сафар давомида Ўзбекистоннинг ҳудудларида жойлашган ишлаб чиқариш ва илмий-техник корхоналари фаолияти билан танишади. Шунингдек, мулозимнинг Ўзбекистон раҳбарияти билан учрашиши кутилмоқда.
“Ақилбек Жапаров Жиззах вилоятининг Манас қишлоғида яшовчи этник қирғизлар билан ҳам учрашиш ниятида”, дейилган ҳукумат хабарномасида.
Қайд этилишича, бу А. Жапаровнинг Вазирлар Маҳкамаси раиси сифатидаги Ўзбекистонга илк ташрифидир.
Озодликнинг қирғиз хизмати хабарига кўра, Қирғизистон билан Ўзбекистон ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик дохил икки томонлама алоқалар Шавкат Мирзиёев ҳокимият тепасига келгани ортидан сезиларли даражада яхшиланган.
2022 йил ноябрида икки мамлакат 30 йилдан буён давом этаётган чегара баҳсига нуқта қўйишган. Томонлар давлат чегарасининг аниқланмай қолган 15 фоизи ёки 312 километри бўйича келишувга эришганлар.
Давлат чегараси ва Кампиробод сув омбори бўйича шартномалар икки мамлакат парламентлари томонидан маъқулланиши ортидан президентлар мазкур ҳужжатларни имзолаганлар.
Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси раиси Ақилбек Жапаров 8 март куни хизмат сафари билан Ўзбекистонга борган.