Ссылки доступа

Қозоғистонда оммавий тартибсизликларга чақирганлик учун жазо кучайтирилади


Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Қозоғистонда оммавий тартибсизликларга чақирганлик учун жазо кучайтирилади. Бу ҳақда 9 март куни маҳаллий ОАВ республика ички ишлар вазири Марат Ахметжановга таяниб хабар тарқатди.

Парламент Сенати “Жиноят, Жиноят-процессуал ва Жиноят-ижроия кодексларига инсон ҳуқуқлари, жазони ижро этиш ҳамда қийноқлар ва шафқатсиз муносабатнинг олдини олиш соҳасида ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини кўриб чиқмоқда.

Қонун лойиҳасини кўриб чиқиш жараёнида Жиноят кодексининг бошқа моддаларига ҳам ўзгартишлар киритиш режалаштирилган.

Хабар қилинишича, Сенат қонун лойиҳасини маъқуллаган.

Марат Ахметжановга кўра, Жиноят кодексининг 272 моддаси (1 қисм) уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазони назарда тутади. Ушбу модданинг иккинси қисми (Телекоммуникация тармоқларидан фойдаланиш) эса уч йилдан етти йилгача озодликдан маҳрум қилишни назарда тутади.

Амалдаги Жиноят кодексининг 272 моддасига кўра, давлат органлари ходимларининг қонуний талабларига бўйсунмаслик ҳамда оммавий тартибсизликлар ёки оммавий тартибсизликларни уюштиришга чақириш, шунингдек фуқароларга нисбатан зўравонлик қилишга чақириш уч йилга озодликни чеклаш ёки худди шу муддатга озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Амалдаги Жиноят кодексининг 272 моддасида телекоммуникация тармоқларидан фойдаланган ҳолда тартибсизликлар уюштириш тўғрисида ҳеч қандай сўз бормайди. Ушбу жумла 2022 йил январь воқеалари пайтида “оммавий тартибсизликлар уюштириш”да айбланган фаол ва сиёсатчи Жанболат Мамайнинг жиноий ишида қўлланилган эди.

Прокуратуранинг айбловига кўра, Мамай "оммавий тартибсизликлар уюштириш мақсадида" Facebookда 4 январь куни тинч намойишларга чиқишни аҳоли орасида тарғиб қилган. Фаол ўзига қўйилган ушбу айбловларни рад этиб, тартибсизликларга алоқаси йўқлигини маълум қилган.

Шунингдек, янги қонун лойиҳасига кўра, 146 моддага («Қийноқлар») янги жиноят – “Шафқатсиз ёки қадр-қимматни камситувчи муомала”ни киритиш кўзда тутилган.

“Бу қийноққа солиш ҳолларини шафқатсиз муомаладан фарқлаш, шунингдек, уларни содир этганлик учун жавобгарликнинг йўқлиги билан боғлиқ қонунчиликдаги бўшлиқни бартараф этиш имконини беради”, дейди ИИВ раҳбари.

Январ воқеаларидан сўнг мамлакатда қийноққа солиш, шафқатсиз ёки қадр-қимматни камситувчи муомалага оид шикоятлар сони ортган. Қўзғатилган жиноят ишларининг аксарияти шафқатсиз муносабатда бўлганлиги ҳақидаги шикоятлар бўйича тугатилган.

Дастлаб қийноқлар фактлари рад этилди, бироқ, қизиган дазмолдан фойдаланганликнинг инкор этиб бўлмайдиган далиллари пайдо бўлгач, расмийлар полиция ва тергов изоляторларида маҳбусларнинг қийноқлар натижасида ўлими билан боғлиқ бир неча ҳолатларни тан олдилар.

Шунингдек, 9 март куни жиноий гуруҳ таркибида содир этилган безорилик учун жазо муддатини беш йилдан етти йилгача озодликдан маҳрум қилиш режалаштирилгани маълум бўлди.

ИИВ вазирига кўра, қонун лойиҳасининг қолган қоидалари маҳкумларнинг ҳуқуқларини кенгайтириш ва кундалик ҳаётда содир этилган жиноятлар учун жавобгарликни кучайтиришга қаратилган.

Бундан ташқари, маҳкумларни алоҳида ҳибсга олишни назарда тутувчи Жиноят кодексига ўзгартириш киритиш таклиф этилади. Вазирнинг сўзларига кўра, биринчи марта озодликдан маҳрум этилганлар жазони умумий режимдаги колонияларда, илгари судланганлар қаттиқ режимдаги колонияларда ўтайдилар. Хабар қилинишича, икки мингдан ортиқ маҳкум ўз яшаш жойида жазони ўташи ва ижтимоий алоқаларни сақлаб туриши учун барча ҳудудларда икки турдаги колониялар ташкил этилади.

XS
SM
MD
LG