Ссылки доступа

"Янги конституция" лойиҳаси парламентда кўриляпти


Парламент Қонунчилик палатаси ялпи йиғилиши, 9 март, 2023
Парламент Қонунчилик палатаси ялпи йиғилиши, 9 март, 2023

Ўзбекистоннинг амалдаги 128 моддадан иборат конституциясидаги моддалар сонини 155 тага, мавжуд 275 та нормани 434 тага етказиш таклиф қилинмоқда.

9 март куни Ўзбекистон Олий Мажлис Қонунчилик палатаси конституцияга ўзгартириш киритишга оид қонун лойиҳаси муҳокамаси учун ялпи мажлисга йиғилди.

Қонунчилик палатаси йиғилишида, амалдаги бош қомус 65 фоизга ўзгаргани боис, Ўзбекистоннинг Янги конституцияси, деб аташ таклиф қилинди.

Янгиланган ёки Янги Конституция қабул қилинса, расмийларга кўра, амалдаги президентнинг икки муддати “ноллашиб”, учинчи муддат президентликка номзодини қўйиши учун унга йўл очилади. Бир лавозимга сурункали 2 муддатдан ортиқ тайинланмайдиган ёки сайланмайдиганлар: қонунчилик палатаси спикери, Сенат раиси, Ўзбекистон президенти ва бошқа лавозимлардир.

Шунингдек, бу лойиҳадан амалдаги Конституциянинг Қорақалпоғистонга оид 70−75-моддаларини ўзгартириш таклиф қилинган қўшимчалар чиқариб ташлангани айтилди.

Бу лойиҳа муҳокамаси илк бор 2022 йилнинг июнь ойида эълон қилинганди. Ўшанда конституцияга киритилажак ўзгаришлар сирасида Қорақалпоғистон суверенлик мақомини бекор қилиш таклифи ҳам эълон қилинганди.

Бу таклиф Қорақалпоғистонда катта норозилик билан қарши олинди. 1 июлга келиб, Нукус кўчаларига минглаб одам чиқди, 2 июлда зўравонликлар кузатилди.

2 июль куни Нукусга борган президент Шавкат Мирзиёев, Қорақалпоғистон олий ҳокимият органи - Жўқорғи Кенгесдаги чиқишида Қорақалпоғистонга оид ўзгаришлар бекор қилинишини билдирганди.

Нукусда мисли кўрилмаган қонли намойишлардан сўнг, конституциявий ислоҳотлар овоз қўйилиши керак бўлган референдум номаълум муддатга қолдирилди.

Аксар таҳлилчилар, конституцияни ўзгартирадиган референдумдан сўнг Мирзиёев учинчи муддат президентликда қолишини кутмоқда.

Кутилаётган референдум Ўзбекистоннинг янги тарихида учинчи умумхалқ овоз бериши бўлади.

1995 йилдаги референдум натижаларига кўра президент Ислом Каримов яна бир муддатга сайловларсиз ҳокимиятда қолган, 2002 йилда эса, худди ҳозиргидек, конституцияга ўзгартишлар киритилиши важидан президентлик муддати 5 йилдан 7 йилга узайтирилганди.

XS
SM
MD
LG