Ссылки доступа

Бишкекда тадбиркорлар яна назорат-касса машинасига қарши намойиш ўтказишмоқда


10 март куни Бишкекнинг Горкий майдонида назорат-касса машиналаридан мажбурий фойдаланишга қарши бўлган Талас ва Иссиқкўл вилоятлари тадбиркорлари иштирокида митинг бўлиб ўтмоқда.

Азаттиқ мухбирининг хабар қилишича, митингга йиғилган 400га яқин одам патент тизимини тўхтатиш ва НКМни жорий этишга 5 йиллик мороторий қўйишни талаб қилмоқда.

Талас вилоятидан келган тадбиркорлардан бири Медетбек Суюнбоевнинг айтишича, “намойишчилар ортида ҳеч ким йўқ”, йиғилганлар солиқ сиёсатида режалаштирилган янгиликларга ўз норозиликларини билдириш учун келган.

Кеча, 9 март куни Таласда ҳам тадбиркорларнинг янги солиқ қоидаларини бекор қилиш талаби билан митинги бўлиб ўтди.

Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси раиси, президент маъмурияти раҳбари Оқилбек Жапаров “Ала-Тоо 24” телеканалига берган интервьюсида, Вазирлар Маҳкамаси тадбиркорлар учун назорат-касса машиналарини мажбурий қўллаш бўйича “муддатларни кўчириш имкониятини кўриб чиқишини” маълум қилган эди. Бироқ, кейинроқ ижтимоий тармоқларда НКМга қарши ўтказилаётган қатор митингларга изоҳ берар экан, “уюшган норозилик намойишлари ва митингларининг ҳақиқий фойда олувчилари йирик контрабандачилардир” деб ёзди.

Қирғизистонда жорий йилнинг 1 январидан бошлаб товар айланмаси билан шуғулланувчи тадбиркорлар ахборот тизимида рўйхатдан ўтишлари, шунингдек, электрон юк хатини қўллашлари шарт.

Давлат солиқ хизмати маълумотларига кўра, ахборот тизими Солиқ хизматининг ягона портали бўлиб, у электрон юк хатини расмийлаштириш ва реал вақт режимида контрагентга сотилган товарлар тўғрисидаги маълумотларни узатиш имконини беради.

XS
SM
MD
LG