Мамлакатда бир асрдан ортиқ мавжуд бўлган босма нашр саноати таназзулга юз тутди. Бу аҳолининг иқтисодий аҳволининг ёмонлиги ёки қизиқарли материалининг етишмаслиги билан боғлиқ бўлиши мумкин дейди кузатувчилар.
Даврий нашрлар соҳасидаги вазиятни кузатувчи Бехруз Шукруллоевнинг айтишича, жамоатчиликнинг нашрларга бўлган қизиқиши пасайиб бораётганининг сабабларидан бири “босма нашрларнинг янги технологиялар билан рақобатбардош эмаслиги”дир.
“Паёми Душанбе” газетасининг масъул котиби Убайдуллои Акрам эса таҳлилчилар ва ўқувчиларнинг фикрига қўшилмайди. Унга кўра, ҳар кимнинг хоҳиш-истаклари ҳар хил ва босма нашрларда ҳамма соҳалардан мавзулар бор.
Мамлакатдаги босма нашр билан боғлиқ яна бир масала - бу мажбурий обуна. Бугунги кунга келиб аксарият расмий ва саноат нашрлари ўз тиражларини обуна орқали сотадилар. Бюджет ташкилотлари ходимлари газеталарга обуна бўлишга мажбурланаётгани ҳақида бир неча бор ОАВ орқали шикоят қилишган.
Бехруз Шукруллоев нашрлар янгиликлардан кўра кўпроқ таҳлилий материалларга эътибор қаратиши керак, деб ҳисоблайди. “Ўқувчига камида 5-6 кун давомида мавзу долзарб бўлиши мумкин бўлган, икки ҳафтадан кейин ҳам ўз аҳамиятини йўқотмайдиган материалларни тақдим этиш керак”, дейди Шукруллоев.
Суҳбатдошларнинг хулосаларига кўра, ўқувчи газета саҳифаларида қизиқарли ва долзарб материаллар пайдо бўлмагунча босма нашрларга қизиқмайди. Бугунги кунда ижтимоий тармоқлар маълум даражада ОАВ вазифасини бажармоқда ва ҳафталик нашрлар улар билан рақобатлаша олмайди.