Ссылки доступа

Тожикистонлик журналист Хуршед Фозиловга расман айблов эълон қилинди


Журналист Хуршед Фозилов
Журналист Хуршед Фозилов

Ҳибсда қолаётган тожик журналисти Хуршед Фозилов ОАВ ёки интернет тармоғи орқали Тожикистон конституциявий тузумини зўравонлик билан ўзгартиришга даъват қилганликда айбланмоқда. Яқинларининг сўзларига кўра, журналист Хўжанддаги вақтинчалик ҳибсхонада сақланмоқда.

Журналистнинг укаси Хушбахт Фозилов акаси билан бир кун аввал Хўжанддаги тергов изоляторида адвокат иштирокида учрашганини маълум қилди.

Унга кўра, Хуршед Фозиловга нисбатан Жиноят кодексининг 307 моддаси 2 қисми «г» банди (Оммавий ахборот воситалари ёки интернетдан фойдаланган ҳолда Тожикистон Республикасининг конституциявий тузумини зўравонлик билан ўзгартиришга оммавий чақириқлар) билан жиноят иши қўзғатилган.

Журналист Хуршед Фозилов уч йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.

“Акам ўзига қўйилган айбловдан мутлақо норози ва биз ҳам уни мутлақо айбсиз деб ҳисоблаймиз”, – дейди Хушбахт Фозилов.

Айни пайтда Хуршед Фозиловнинг яқинлари журналистни обрўсизлантириш учун ижтимоий тармоқларда бошланган кампаниядан хавотирда.

Ижтимоий тармоқларда фаол бўлан Хуршед Фозилов 6 март куни январь ойидан бери ишлаб келаётган Пенжикент шаҳар меҳнат, миграция ва аҳоли бандлиги бўлими биносида қўлга олинган.

2022 йилда Тожикистонда етти нафар журналист ва блогер 7 йилдан 21 йилгача бўлган турли муддатларга қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Журналистлар ва блогерларнинг кетма-кет ҳибсга олиниши ва суд жараёнлари Ғарб давлатлари ва халқаро ташкилотлар томонидан катта норозилик ва танқидларга сабаб бўлди. Улар журналистлар устидан суд жараёнларини “оммавий ахборот воситалари эркинлигига зарба” сифатида баҳоладилар. Баъзи халқаро ташкилотлар маҳкумларни озод қилишга чақириқлар билан чиқишди.

Журналистлар ёлғон маълумот тарқатиш, тақиқланган ташкилотлар билан ҳамкорлик қилишда айбланган. Журналистларнинг ўзлари ва уларнинг яқинлари бу айбловларни рад этади.

XS
SM
MD
LG