Ссылки доступа

Қозоғистонлик дипломатлар мамлакат инсон ҳуқуқлари фаолини АҚШдаги тақдирлаш маросимида қатнашмади


Қозоғистон ТИВ вакили Қозоғистон дипломатлари Оқ Уйда бўлиб ўтган Қозоғистон вакили, «Ар.Рух.Хак» нодавлат ташкилоти раҳбарини тақдирлаш маросимида қатнашмаганлиги сабабини тушунтирди.

Қозоғистонлик ҳуқуқ ҳимоячиси Бахитжон Торегожин 10 та давлат вакиллари қатори АҚШ Давлат котибининг “Аёллар жасорати учун” халқаро мукофоти билан тақдирланди. Маросимида иштирок этмаган ва лауреатни табрикламаган қозоғистонлик дипломатлар Интернетда кескин танқидларга сабаб бўлди.

Қозоғистон ТИВ матбуот котиби Айбек Смадияровга кўра, тақдирлаш маросимига таклифнома Қозоғистоннинг АҚШдаги элчиси Ержан Ашикбаев номига берилган. Элчи шу куни Хюстон шаҳрида Қозоғистон энергетика вазири бошчилигидаги мамлакат делегацияси билан музокараларда бўлган.

Смадияров АҚШ давлат протоколи ва Оқ Уй қоидаларига кўра, таклифнома шахсий эканлигини ва бошқа шахсга ўтказилмаслигини таъкидлади.

"Албатта, биз нодавлат ташкилотларимиз ривожланиб, халқаро миқёсда тан олинаётганидан хурсандмиз ва буни мамнуният билан қабул қиламиз", деди ТИВ вакили.

Смадияровнинг сўзларига кўра, ушбу мукофотлар "Қозоғистонда фаол фуқаролик жамияти мавжудлигини ва инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Қозоғистон - Америка ҳамкорлиги тўғри йўналишда ривожланаётганини кўрсатади."

Вашингтонда жойлашган "Freedom House" инсон ҳуқуқлари ташкилоти яқинда эълон қилган ҳисоботда Қозоғистон сиёсий ҳуқуқлар бўйича энг паст, яъни 40 баллдан беш баллга эга бўлганини эълон қилди. Ташкилот мамлакатни эркин бўлмаган ва авторитар давлатлар қаторига киритди. Ҳуқуқ фаоллари Қозоғистон ҳукуматини инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият сабаб доим танқид қилади.

XS
SM
MD
LG