Ссылки доступа

Мариуполдаги тожик муҳожирлари: “Ейишга овқатимиз йўқ” (видео)


Мариуполдаги тожик муҳожирлари
Мариуполдаги тожик муҳожирлари

Тожикистонлик бир гуруҳ муҳожирлар Мариуполни тиклаш учун олиб кетилгани, бироқ қилган ишлари учун ҳанузгача ҳақ ололмагани ҳақида журналистларга шикоят қилишди.

Тожик муҳожирларининг бир қисми у ерга ўтган йилнинг октябрида, бир қисми эса декабрида олиб келинган. Муҳожирлар Москва ёки Душанбега қайтишга пуллари йўқлигини айтишмоқда.

"Ейишга нонимиз йўқ. Бу ерда сув пулга сотилади. Қўл ювиш учун ҳам сув ишлатиб бўлмайди. Бир литр ичимлик суви 3 рубль, бизда эса бундай имконият йўқ", - дейди тожикистонлик муҳожир Исроил.

Унинг қўшимча қилишича, Мариуполга ишлашга келган яна 300 га яқин муҳожир қийин шароитда қолган. Муҳожирлар урушда вайрон бўлган биноларни тозалаб, таъмирлашга тайёрлашлари керак эди.

Тожик муҳожирларига кўра, улар бир ойдан ортиқ вақтдан бери ишсиз ва маошсиз кун кечиришмоқда. "Ортга қайтишга чипта нархи 3000 рубль. Москвага қайтишга пулимиз йўқ. Бу ерда уруш кетаяпти. Омон қолишимиз учун Тожикистондан пул жўнатишяпти", - дейди Исроил 13 март куни.

У ва бошқа тожикистонлик муҳожирлар Мариуполга ижтимоий тармоқлардаги эълонларга ишониб келишган. Муҳожирларга ойига 120 минг рубль (1600 доллар) ва барча қулайликларга эга турар жой ваъда қилинган.

Россия Украинанинг Мариупол шаҳрини 2022 йилнинг май ойида шиддатли жанглардан сўнг эгаллаб олди. Шаҳар шафқатсиз зарбалардан вайрон бўлди, Россия уни муҳожирлар ёрдамида қайта тиклаш ниятида.

Тожикистон ҳукумати муҳожирларни ҳарбий ҳаракатлар содир бўлган жойларга бормаслик ҳақида огоҳлантирган.

XS
SM
MD
LG