Ссылки доступа

Қирғизистон ТИВ фуқароларни Тожикистонга саёҳат қилишдан тийилишга чақирди


Қирғизистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги қирғизистонликларга Тожикистонга ҳар қандай саёҳатдан вақтинча воз кечишни тавсия қилди. Бу ҳақда 14 март куни ТИВ матбуот хизмати хабар берди.

Қирғизистон Республикаси элчихонаси маълумотларига кўра, Душанбе халқаро аэропортига учиб келган Қирғизистон фуқаролари мамлакатга киритилмайди. Шу билан бирга, фуқролар транзит зонада авиачипталарни харид қилиш ва қайтиш рейсларини кутиш билан боғлиқ молиявий муаммоларга дуч келиши мумкин.

2021 йил май ойида Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси ўз фармони билан Тожикистон фуқаролари учун Қирғизистон ҳудудига кириш ва чиқиш, бўлиш, ҳаракатланиш ва транзит ўтказишда вақтинчалик чекловлар жорий қилган эди.

Жорий йилнинг февраль ойида Қирғизистон Республикаси билан чегарадаги назорат-ўтказиш пунктлари яқин вақт ичида қайта тикланиши мумкинлиги ҳақида хабар берилди.

Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги чегара узунлиги 972 километр бўлиб, шундан 682 километри аниқланган, 290 километри эса баҳслилигича қолмоқда. Ушбу ноаниқлик туфайли қўшни давлатлар аҳолиси ва чегарачилар ўртасида тез-тез тўқнашувлар содир бўлади. Қирғизистон ва Тожикистон чегарасида қонли тўқнашув натижасида 154 киши жароҳатланган, 36 киши, жумладан, икки бола ҳалок бўлган. Тожикистон ҳукумати 19 киши ҳалок бўлгани ва 87 киши яраланганини расман эълон қилган.

XS
SM
MD
LG