Ссылки доступа

Россияда беш ёшли тожик қизини ўлдиришда айбланган шахс 24 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинди


2018 йилда беш ёшли тожикистонлик Хувайдо Тиллозодани зўрлаш ва ўлдиришда айбланган Александр Семин 24 йилга озодликдан маҳрум этилди.

Қизининг дафн маросими куни қотилга умрбод қамоқ жазосини олиши учун ҳаракат қилишини айтган Хувайдонинг отаси Абдусалом Саидов суд ҳукмидан норози.

“Мен суд ҳукми устидан шикоят қилмоқчиман. У умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилиниши керак эди. Қотил 20 йилдан камроқ умрини панжара ортида ўтказади. Унинг тергов жараёнида ўтирган муддати ҳам шу муддатга кирар экан”, — деди Абдусалом Саидов Озоди радиосига берган интервюсида.

Александр Семиннинг адвокати ҳукмни “ўта оғир” деб ҳисоблайди ва юқори инстансияга шикоят қилишни режалаштирмоқда.

Москва вилояти Серпухов шаҳридаги уйи ҳовлисидан ўғирлаб кетилган Ҳувайдо Тиллозода 2018 йилнинг 22 июлида ўлдирилган эди. Қизнинг жасади у йўқолган куннинг эртасига темир йўл станцияси яқинида спорт сумкасида топилган. Серпуховда Хувайдолар оиласи билан қўшни яшаган Александр Семин беш ёшли қизчани ўлдирганликда айбланиб ҳибсга олинган.

Хувайдо Тиллозоданинг ўлдирилиши сўнгги йиллардаги энг шов-шувли жиноий ишлардан бирига айланди. Бу фожиа тожикистонликлар ва рус жамиятини ларзага солди ва Тожикистон ТИВ Россия расмийларига нота йўллаб, адолатли тергов ўтказишга чақирди.

Александр Семин психиатрия клиникасида бўлгани сабаб бир неча йил давомида суд жараёнини бошлашнинг имкони бўлмади. 2021 йил апрел ойидагина Москва вилоят суди Александр Семиннинг руҳий соғлом эканлиги ва уни тергов изоляторига ўтказиш тўғрисида қарор чиқарди.

XS
SM
MD
LG