Ссылки доступа

Маҳбусларга қарши кўздан ёш оқизувчи газ қўллаган қозоғистонлик полициячи 5 йилга қамалди


Остона шаҳрининг Бойқўнғир тумани суди маҳбусларга нисбатан “хизмат вазифасини суиистеъмол қилганлик”да айбланган собиқ полициячини беш йилга озодликдан маҳрум қилди.

Шунингдек, унга етти йил давлат хизматида лавозим эгаллаш тақиқланган. Бу ҳақда Қозоғистон Республикаси пойтахт суди матбуот хизмати хабар берди. Хабарда маҳкумнинг исми ва фамилияси кўрсатилмаган.

2022 йил 10 август куни туман ИИБ инспектори К. туман ИИБ биносида икки нафар шахснинг юзига бир неча марта кўздан ёш оқизувчи баллон сепган. Натижада, маъмурий баённома тузиш учун олиб келинган икки фуқародан бири тан жароҳати олган, дея қайд этади тергов.

Прокурор судланувчини саккиз йилга озодликдан маҳрум этишни сўради. Қайд этилишича, К. қўйилган айбловлар бўйича ўз айбини тан олмаган.

Собиқ полициячининг адвокати далиллар йўқлиги сабабли озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинлашни сўради.

Суд жавобгарлик ва жазони енгиллаштирувчи ҳолат сифатида судланувчининг қарамоғида вояга етмаган болалари борлигини таъкидлади, бироқ ҳуқуқни муҳофаза қилиш органи ходими томонидан жиноят содир этилишини оғирлаштирувчи ҳолат деб атади. Судланувчи “полиция капитани” унвонидан маҳрум этилади. Суд ҳукми ҳозирча қонуний кучга кирмаган.

Қозоғистонда полиция ходимларининг хатти-ҳаракатлари, жумладан, куч ишлатиш ва ноқонуний тергов усулларини қўллаш орқали ўз ваколатларини суиистеъмол қилиш ҳолатлари юзасидан шикоятлар кўп тушади.

XS
SM
MD
LG