Ссылки доступа

Туркманистонда давлат хизматчилари курортга "путёвка" сотиб олишга мажбурланмоқда


Аваза
Аваза

Ҳали мавсум ошланмай давлат хизматчилари Авазага чипта сотиб олишга мажбурланмоқда. Бу сафар, аввалги йиллардагидан фарқли ўлароқ, расмийлар фақат тур учун тўловни талаб қилиш билан чекланмоқда. Ходимларнинг туристик ҳудудга ҳақиқатда ташриф буюрганликларини исботлашни талаб қилмайди.

“Каспий денгизи соҳилига яқин жойлашган «Аваза» сайёҳлик зонасида ҳар бир вилоят номига берилган махсус меҳмонхоналар мавжуд. Уларни бошқариш ва таъминлаш шу вилоятларга тегишли. Йил давомида вилоят ҳокимияти давлат хизматчиларига дам олиш мавсумига тўғри келиш келмаслигидан қатъий назар, бир ҳафтага туристик зонага "путёвка"лар олишга мажбур қилади”, — деди чипта сотиб олган давлат хизматчиларидан бири.

Унга кўра, чипта нархи тахминан 700 манат (Марказий банк курси бўйича тахминан 200 АҚШ доллари – таҳр.), йўл ва турар жой харажатлари билан бирга 2000 манатдан ошади.

Давлат хизматчиларига "путёвка"ни мажбурий сотишга босим вилоятлар бўлимига қарашли тегишли меҳмонхоналар раҳбариятига пул йиғишга уриниш билан боғлиқ. Туркманистон расмийлари Аваза зонасида “яхши дам олиш учун барча шарт-шароит яратилгани”нинг далили сифатида ҳар бир минтақа учун сотилган турлар сони ҳақидаги маълумотларни келтирмоқда. 2021 йилда давлат ОАВлари ўша йилнинг май ойи охирига келиб Авазада дам олиш учун 2257 та "путёвка" сотилгани ҳақида хабар беришди.

Охирги йилларда Туркманистон ҳукумати Аваза миллий туристик зонасида меҳмонхоналар, аквапарклар ва бошқа иншоотлар қуриш учун миллионлаб доллар сарфлади. Шу билан бирга, Авазада дам олувчилар одатда хизматлар сифати, секин интернет, юқори нархлар ва кўнгилочар тадбирларнинг етарли эмаслиги, шунингдек, кўп жойларда суратга олиш тақиқланганидан норози.

Туркманистон минтақадаги туризм учун энг ёпиқ мамлакатлардан бири саналади.

XS
SM
MD
LG