Ссылки доступа

CIVICUS халқаро ташкилоти Тожикистонни «ёпиқ» давлат деб атади


Жаҳоннинг 197 та давлатидаги фуқаролик жамияти ва фуқаролик ҳуқуқлари ҳолатини баҳоловчи CIVICUS халқаро ноҳукумат ташкилотига кўра, Тожикистон «ёпиқ» давлат ҳисобланади.

16 март куни эълон қилинган CIVICUS Monitoring йиллик ҳисоботида Туркманистон, Хитой, Сурия ва Африка ва Осиёнинг бошқа баъзи давлатлари Тожикистон каби ёпиқ давлат дея тан олинган. Тадқиқот муаллифларининг ёзишича, Тожикистон Тоғли Бадахшон мухтор вилоятида тинч намойишлар бостирилгани сабабли ёпиқ давлатлар рўйхатига киритилган.

Тожикистон расмийлари CIVICUS йиллик ҳисоботига ҳозирча муносабат билдирмади.

Ҳисоботда Тожикистонда қўрқув муҳити ҳукм сураётгани, одамлар ўз ҳуқуқлари, жумладан, сўз эркинлиги ва тинч намойишларни амалга оширгани учун ҳибсга олиниб, қамоққа ташланиши айтилган.

Мустақил журналистлар, фуқаролик фаоллари, адвокатлар ва ҳуқуқ ҳимоячилари таҳдид ва таъқибларга учраган бир пайтда Тожикистонда ҳокимият мухолифларининг фаолияти сустлашиб бормоқда, дея қайд этади ташкилот.

Тожикистон ўтган йил давомида инсон ҳуқуқларини доимий равишда бузаётгани халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари томонидан бир неча бор танқид қилинган. Расмий ҳокимият мамлакатда инсон ҳуқуқлари ва сўз эркинлиги тўлиқ ҳурмат қилинишини даъво қилмоқда.

XS
SM
MD
LG