Ссылки доступа

Тожикистонда марҳум акасининг "қирқи"ни қилган фуқаро жаримага тортилди


Тожикистонда марҳум акасининг "қирқи"ни қилган фуқаро жаримага тортилди.

Ваҳдат шаҳар суди Чуянгарон маҳалласида яшовчи Идибек Саидовни урф-одатлар, байрам ва маросимларни тартибга солиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганликда айбдор, деб топиб жаримага тортди.

18 март куни Тожикистон Бош прокуратураси Идибек Саидов “Тожикистон Республикасида анъаналар, байрамлар ва маросимларни тартибга солиш тўғрисида”ги қонунни бузган ҳолда 4 соатлик диний маросим уюштиргани ҳақида маълум қилди.

Тожикистон қонунчилигага кўра, байрам ва маросимларни тартибга солиш тўғрисидаги қонунга мувофиқ, диний тадбирлар ваколатли органнинг тавсияларига мувофиқ, таом тайёрланмасдан, чорва сўйилмасдан ўтказилиши шарт. Фуқарога нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш маҳаллий прокуратура томонидан кўриб чиқилиб, судга юборилган.

Бош прокуратура маълумотларида жарима миқдори кўрсатилмаган. Аммо ўтган йилларда ушбу қонунни бузган фуқроларга 500-600 доллар жарима солинган.

Тожикистонда анъана ва урф-одатларни тартибга солувчи қонун 2007 йилда қабул қилинган. Ушбу қонунга кўра, тўй маросимига 150 дан ортиқ одамни таклиф қилиш мумкин эмас ва байрамнинг ўзи 3 соатдан ошмаслиги керак.

Ўтган йил охирида ижтимоий тармоқларда ушбу қонун атрофида баҳслар яна авж олди ва айрим фойдаланувчилар унга ўзгартириш киритишни ёқлаб чиқди. Баъзилар тўйнинг давомийлигини 4 соатгача оширишни ва меҳмонлар сонига чекловларни олиб ташлашни таклиф қилишди. Аммо расмийлар қонунга ўзгартириш киритишга ҳожат йўқлигини айтди.

XS
SM
MD
LG