Ссылки доступа

Остонада сайлов куни махсус кучлар плакат кўтарган фаолни қўлга олди


19 март куни Остонада фуқаролик фаоли Галия Тамабаева “Ёлғонни бас қил” дея ёзилган плакат билан чиқди. У камида 238 кишининг ҳаётига зомин бўлган 2022 йил январидаги қонли воқеалар юзасидан халқаро тергов ўтказилишини талаб қилди.

"Тоқаев, Назарбоев - Ҳаага судига", деб бақиран Тамабаева дарҳол махсус кучлар ходимлари томонидан куч ишлатиб ҳибсга олинди. Фаол "Тоқаев Путин билан Ҳаага судига", деб бақиришда давом этган. Хавфсизлик хизмати ходимлари унинг қўллари ва оёқларидан ушлаб, митинг ўтказиладиган жойдан кўтариб олиб кетишган.

Остонадаги намойишчи ҳибсга олинганини видеога олган пойтахтлик ҳуқуқ фаоли Артур Алхастовнинг маълум қилишича, унинг кўз ўнгида ўнга яқин одам қўлга олинган.

Ҳуқуқ ҳимоячисининг видеосида хавфсизлик кучлари камида икки кишини автозакка солишганини кўриш мумкин. Махсус кучлар бир аёлнинг телефонини тортиб олишга уринган, кейин аёлни ҳам автозакка солишган.

Ҳуқуқ ҳимоячисига кўра, махсус кучлар ҳеч қандай фикр билдирмаган, яқинлашиб, бўлаётган воқеаларни томоша қилган ёки тасвирга олишга уринганларни ҳам қўлга олган.

“Албатта, содир бўлаётган воқеалар ўзбошимчалик ва қонунга зид. Мен буни ҳуқуқбузарлик деб биламан”, — дея қўшимча қилди Алхастов, Қозоғистон Инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси маҳаллий бўлими раҳбари.

Аввалроқ фаоллар Марат Мусабоев, Амангелди Жахинлар ҳибсга олингани ҳақида хабар берилган эди. Расмийлар ҳозирча ҳибсга олишлар ҳақида изоҳ бермади.

XS
SM
MD
LG