Ссылки доступа

Қозоғистон қийноқлар, ҳокимиятдаги коррупция давом этмоқда - АҚШ Давлат департаменти ҳисоботи


Ҳокимликнинг ёнаётган биноси ёнида намойишчилар. Ёқилғи нархи ошишига қарши намойиш иштирокчилари ҳокимлик биносига бостириб кириб, уни ёқиб юборишган. Олмаота, 2022 йил 5 январь
Ҳокимликнинг ёнаётган биноси ёнида намойишчилар. Ёқилғи нархи ошишига қарши намойиш иштирокчилари ҳокимлик биносига бостириб кириб, уни ёқиб юборишган. Олмаота, 2022 йил 5 январь

20 март куни АҚШ Давлат департаменти 2022 йилги Инсон ҳуқуқлари бўйича глобал ҳисоботни эълон қилди. Унда айтилишича, Қозоғистон ўтган йилги январь воқеалари мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятга салбий таъсир кўрсатган.

АҚШ Давлат департаментининг Қозоғистонга оид ҳисобот бобларининг бир қисмида айтилишича, 2022 йилда Қозоғистонда ҳокимият томонидан ёки уларнинг топшириғи билан одамларнинг ўлдирилиши, қийноқларга солиниши, сиёсий ҳибсга олиниши, сўз эркинлиги ва ОАВ фаолиятининг чекланиши қайд этилган.

АҚШ Давлат департаменти ҳисоботида таъкидланишича, январь воқеаларида кўплаб инсон ҳуқуқлари бузилган. Ҳалок бўлганлар сони эса расмийлар даъво қилган 238 кишидан юқори бўлиши мумкин.

Ҳужжатда январь воқеаларидан кейин маҳбусларни қийноқларга солган кўплаб мансабдор шахслар жавобгарликка тортилмагани, қийноқ ҳолатлари тўлиқ ошкор этилмагани ҳам қайд этилган. Шунингдек, қийноқларга алоқадор бўлган қамоқхона ёки милиция ходимлари ҳам жазони енгил тортгани қайд этилган.

Одамларни ноқонуний ҳибсга олиш тақиқланганига қарамай намойишлар вақтида милиция оламонни ҳибсга олган ва бунинг сабабини тушунтирмаган.

Давлат департаменти ўз ҳисоботида, шунингдек, Остона Шинжондаги таъқиблардан қочиб, қочқинлик мақомини олмоқчи бўлганларга ёрдам бермаётганини қайд этади.

АҚШ Давлат департаменти Қозоғистонда оиладаги зўравонлик, болалар меҳнатидан фойдаланиш, болаларни калтаклаш, аёлларни зўрлаш, таъқиб қилиш ва ЛГБТ вакиллари муаммолари ҳалигача ҳал этилмаганига эътибор қаратади.

Қозоғистонда ЛГБТ вакилларига нисбатан камситишлар кўп бўлсада, бундай жиноятлар қайд этилмайди ва статистикага киритилмайди. Ҳужжатда айтилишича, "ЛГБТга қарши жиноятлар содир этганлар камдан-кам ҳолларда жазоланади".

Расмий Остона АҚШ Давлат департаменти ҳисоботига ҳозирча изоҳ бермади.

XS
SM
MD
LG