Ссылки доступа

Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Беларусда ҳибсга олинган тожик мухолифати етакчисини ҳимоя қилиб чиқди


Низомиддин Насриддинов
Низомиддин Насриддинов

Тўққизта маҳаллий ва халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти, хусусан, Human Rights Watch, Норвегия Хелсинки қўмитаси ва Виасна (Баҳор) маркази Беларус ҳукуматини сиёсий фаол Низомиддин Насриддиновни Тожикистонга экстрадиция қилмасликка чақирди.

Тожикистонда тақиқланган “Гуруҳ 24” ҳаракати фаоли ўз ватанига депортация қилинган тақдирда қамоққа олиниши ва қийноқларга дучор бўлиши мумкин, дейилади Инсон ҳуқуқлари ташкилотларининг 21 март куни эълон қилинган мурожаатида.

21 февраль куни Беларус Бош прокуратураси тожикистонлик ҳамкасбларининг сўровини қаноатлантириб, Насриддиновни ватанига экстрадиция қилиш тўғрисида қарор қабул қилган эди.

“Беларус ҳукумати Насриддиновни экстрадиция қилиш қарорини бекор қилиши ва у Германияга қайтиши учун зудлик билан қўйиб юборилиши керак”, — дейди HRWнинг Европа ва Марказий Осиё бўйича директори Хю Уилямсон.

35 ёшли Низомиддин Насриддинов 8 январь куни Тожикистон расмийларининг экстрадиция сўровига кўра Литва-Беларус чегарасини кесиб ўтаётганда қўлга олинган. Шундан бери Насриддинов Гродно шаҳридаги тергов изоляторида сақланмоқда.

Низомиддин Насриддинов 2015 йилдан бери Германияда яшайди. Германия ҳукумати унга ва унинг оила аъзоларига сиёсий бошпана берган. 2017 йилда Варшавада бўлиб ўтган ЙХҲТ йиллик йиғилишида Насриддинов ўзини Тожикистонда фаолияти тақиқланган "Гуруҳ 24" аъзоси деб таништирган.

XS
SM
MD
LG