Ссылки доступа

Туркманистонда милиция ноқонуний хўроз жангларини тарқатди


Туркманободда милтисия Наврўз байрами муносабати билан уюштирилган ноқонуний хўроз жангларини тарқатиб юборди.

Озодлик мухбирининг маълум қилишича, хўроз жанги асосан лотерея, яъни қимор ўйинлари тамойили асосида ўтказилади.

21 март, Наврўз байрами куни Туркманобод жанубидаги туманлардан бирида хўроз жанги ташкиллаштирилди. Бу каби хўроз жанглари ушбу ҳудудда бунга қадар ҳам кўп марта ташкил этилган. Лекин байрамларга сарфланадиган маблағ кўп бўлгани учун Наврўз байрамига алоҳида катта тадбир ўтказиш режалаштирилган.

Ўйинчилар одатдаги кунларда хўроз жангларида 10-15 манатдан пул тикишган бўлса, байрамларда бу ставка бир неча баробар ошади.

Биринчи хўрозлар жангга қўйилиши билан, тадбир ташкилотчиларидан бири милиция рейди ҳақида хабар олган.

Тадбирни томоша қилаётган юздан ортиқ томошабин сигналдан кейин ҳудудни ваҳима билан тарк этган. Томошабинларнинг баъзилари ташкилотчиларга қўнғироқ қилиб, пулларини қайтариб беришни сўрашган.

Туркманистонда норасмий хўроз уриштиришни тартибга солувчи қонун қанча вақтдан бери амал қилаётгани номаълум. Бироқ, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлганлик учун жавобгарликни назарда тутади.

Қонунга кўра, ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш, агар бу ҳайвонларнинг ўлимига, зўравонлик билан сўйишига ёки баданига оғир шикаст етказилишига сабаб бўлса, огоҳлантириш ёки асосий ҳисобланган миқдорнинг 0,5 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

XS
SM
MD
LG