Ссылки доступа

Туркманистонда парламент сайловлари бўлиб ўтди


Мамлакатнинг 30 йиллик мустақиллик тарихида ҳали бирорта ҳам сайлов халқаро кузатувчилар томонидан “эркин ва адолатли”, деб тан олинмаган Туркманистонда 26 март куни парламент, шунингдек, вилоят, этрап, шаҳар халқ кенгашлари депутатлари учун сайловлар бўлиб ўтди.

Марказий сайлов комиссияси маълумотларига кўра, якшанба куни маҳаллий вақт билан соат 19:00 га келиб, дастлабки рўйхатга олинган 3,5 миллион сайловчининг 91,12 фоизи овоз берган.

Шу билан бирга, ҳудудлардаги журналистлар сайлов участкаларига овоз бериш учун келганлар сони расмий маълумотда келтирилганидан анча кам эканлигини таъкидлади. Шунингдек, фуқаролар сайлов участкаси ходимларининг рухсати билан бошқа оила аъзолари номидан ҳам сайлов бюллетенларини тўлдиргани қайд этилган.

Дунёнинг энг ёпиқ ва репрессив давлатларидан бирида ўтказилган сайловда ҳукуматни танқид қилувчи мухолифат номзодлари камлиги билан ажралиб турди.

Бу сафар парламент сайловига Туркманистон Демократик партияси, Саноатчилар ва тадбиркорлар партияси, Аграр партия, фуқаролик ташаббус гуруҳлари номзодлари кўрсатилган.

Туркманистон Марказий сайлов комиссияси маълумотларига кўра, маҳаллий халқ маслаҳати депутатлигига номзод бўлиш учун 2516 нафар, маҳаллий «Кенгашлик»га эса 1098 нафар номзод рўйхатга олинган.

АҚШ Давлат департаменти инсон ҳуқуқлари бўйича 2022 йилдаги йиллик ҳисоботида Туркманистон фуқаролари эркин ва адолатли сайловлар орқали ҳукуматини тинч йўл билан алмаштириш имкониятидан маҳрум эканлиги ва сиёсий ҳаётда иштирок этиш эркинлиги чекланганини яна бир бор таъкидлади.

Туркманистон парламенти 2020 йилда ўтказилган референдумдан сўнг икки палатали тизимга ўтди ва Халқ Маслаҳати юқори палатага айланди.

Жорий сайловни МДҲ давлатларидан кузатувчилар, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси миссияси кузатган.

XS
SM
MD
LG