Ссылки доступа

Тожикистон халқаро Амнистия ҳисоботида кескин танқид қилинди


Amnesty International халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти Тожикистонни 30 йилдан бери иқтисодий ва сиёсий ҳаёти Президент ва унинг қариндошлари назорати остида бўлган мамлакат, деб атади.

Amnesty International ташкилотининг 28 март куни "2022-2023 йилларда дунёдаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият" номли ҳисоботида Тожикистонни тоғли Бадахшон автоном вилоятидаги норозиликларни бостириш, фуқаролик фаоллари ва журналистларни таъқиб қилиш, ҳибсга олиш, қийноқлар бошқа муомала шакллари ҳамда афғон қочқинларини депортация қилгани учун танқид қилинди.

Amnesty International ҳисоботида фуқаролик фаоллари, жамият еткачилари ва журналистларнинг ўзбошимчалик билан ҳибсга олиниши ҳақида сўз боради. Шунингдек, Россиядаги Помир диаспорасининг бир неча таниқли вакиллари ўғирлаб кетилгани ва Тожикистонда ҳибсда олингани таъкидланади.

Ташкилотнинг йиллик ҳисоботида Тожикистонда сўз эркинлиги ҳам кескин чекланганлиги қайд этилган.

Тожикистонда 2022 йилнинг иккинчи ярмида етти журналист ва блогер турли хил қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Улар ёлғон маълумот тарқатишда, экстремистик жамиятда иштирок этишда ва тақиқланган ташкилотлар билан ҳамкорлик қилишда айбланган.

Amnesty International, шунингдек, Тожикистонни айбга иқрор қилиш учун қўрқитиш, қийноқ ва бошқа шафқатсиз муомалалар кенг қўлланилаётгани учун ҳам танқид қилади.

“Тожикистон 14 мингга яқин афғон қочқинларини ҳеч қандай қонуний жараёнсиз ва ассосиз мажбуран Афғонистонга қайтариб юборган”, - деб ёзади ҳуқуқ фаоллари. Халқаро Амнистия ўз ҳисоботида август ойида БМТнинг Қочқинлар бўйича Олий комиссарлиги бошқармаси афғон қочқинларининг ҳибсга олиниши ва депортациясидан жиддий хавотир билдирганини қайд этади.

Тожикистон расмийларига кўра, мамлакатда Афғонистондан 10 мингдан ортиқ қочқин яшайди, уларнинг аксарияти турли йилларда Толибондан қочган.

Тожикистон расмийлари Amnesty International ташкилотининг йиллик ҳисоботига ҳозирча муносабат билдирмади.

XS
SM
MD
LG