Ссылки доступа

Мирзиёев пенсия ва иш ҳақини оширишга оид фармонни имзолади


Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 28 март куни иш ҳақи, пенсиялар ва нафақалар миқдорини ошириш тўғрисидаги фармонни имзолади. Фармон матни президент сайтида эълон қилинди.

Ҳужжатга мувофиқ, жорий йилнинг 1 апрелидан Ўзбекистонда пенсиялар ва нафақалар миқдори 7 фоизга оширилади. Хусусан, кейинги ойдан пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдори ойига 347 минг сўм, ёшга доир энг кам пенсия миқдори ойига 677 минг сўм, ногиронлик пенсиялари, жумладан иш стажи тўлиқ бўлмаган чоғдаги ногиронлик пенсиясининг энг кам миқдори ойига 747 минг сўм, меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган ногиронлик нафақаси ва болаликдан ногиронлиги бўлган шахсларга бериладиган нафақа миқдори ойига 747 минг сўм, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларининг энг кам пенсия миқдори устамаларни инобатга олган ҳолда ойига 3 миллион 296 минг сўм, зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги фуқароларга бериладиган нафақа миқдори ойига 535 минг сўмни ташкил этади.

Нафақа миқдорининг оширилиши 4,4 миллион пенсионерга таъсир қилиши кутилмоқда.

Фармонда жорий йилнинг 1 майидан бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи миқдори 7 фоизга оширилиши қайд этилган. Ҳужжат билан май ойи бошидан Ўзбекистонда меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори ойига 980 минг сўм, базавий ҳисоблаш миқдори (БҲМ) эса ойига 330 минг сўм этиб белгиланган.

Ўзбекистонда сўнгги бор пенсиялар ўтган йилнинг 1 майидан, бюджет ташкилотлари ходимлари маоши эса 1 июндан оширилган эди.

XS
SM
MD
LG