Модулли уйлар Истанбулдаги ўзбек диаспораси томонидан 2016 йилда ташкил этилган Сайҳун таълим ва маданият уюшмасининг бевосита кўмагида ўрнатилмоқда.
«Уюшма томонидан Овакент туманида 100 та контейнер ўрнатиш режалаштирилган. Контейнерлар иссиқликдан изоляция қилинган ва турли мавсумий омилларга чидамли. Уларни ўрнатиш 15 кишидан иборат жамоа томонидан амалга оширилади», — дейилади хабарда.
Уюшма раҳбари Тоҳир Абдуллоҳ сўзларига кўра, зилзиладан кейинги иккинчи кундан бошлаб уюшма ходимлари Элбистон туманида 17 кун давомида озиқ-овқат борасида ёрдами кўрсатиб, ҳар куни 1000 кишини озиқ-овқат билан таъминлаган.
«Кейинроқ Туркия ҳукумати Фавқулодда вазиятларни бошқариш ва олдини олиш бошқармаси (AFAD) кўрсатмаси билан Антакяга етиб келдик. Овакент туманида 100 та контейнер ўрнатишни режалаштирганмиз. Айни пайтда 80 дан ортиқ контейнер ўрнатиш учун қурилиш материаллари мавжуд. Контейнерларимизнинг ўзига хос жиҳати шундаки, улар мурват билан маҳкамланган, яъни истак бўлса йиғилиб, бошқа ҳудудга кўчирилиши мумкин бўлган тарзда ишлаб чиқилган», — деди Абдуллоҳ.
Унга кўра, битта контейнернинг умумий майдони 21 квадрат метрни ташкил қилади. «У ерда ётоқхона, ошхона, ҳаммом ва ҳожатхона бор. Контейнерга бемалол бир оила сиғиши мумкин», — деди уюшма раҳбари.