Ссылки доступа

Афғонистонда канал қурилиши Туркманистон ва Ўзбекистоннинг сув муаммосини янада кучайтириши мумкин


Амударья
Амударья

Марказий Осиёда азалдан мураккаб бўлган трансчегаравий сувлар масаласи яна кескинлашди.

Афғонистон Туркманистон билан чегарадош Балх вилоятида улкан Қўштепа каналини қуриш лойиҳасини фаол амалга оширмоқда. Бир йил аввал канал қурилиши бошланиши эълон қилинган эди. Жорий йилнинг март ойи бошида афғон расмийлари қурилиш ишларининг боришини кўздан кечирди, унинг кўлами қўшниларни нафақат ҳайратга солди, балки жиддий хавотирларга ҳам сабаб бўлди.

Янги каналнинг узунлиги 285 км, эни 100 метр, чуқурлиги 8,5 метр бўлиши керак. Канал Амударёнинг Балх вилояти Калдар туманидаги қисмидан бошланади. Канал учун сув худди шу дарёдан олинади. Каналнинг ўтказувчанлиги сониясига 650 куб метрни ташкил қилади.

Лойиҳа Миллий тараққиёт компанияси томонидан давлат маблағлари ҳисобига амалга оширилмоқда. Лойиҳа қиймати тахминан 684 миллион долларни ташкил этади. Қурувчилар режасига кўра, канал Балх, Жаузжон ва Фарёб вилоятларида 3 миллион жериб (1 жериб – 2000 квадрат метр) ерни суғориш ва 250 мингга яқин аҳолини иш билан таъминлаш имконини беради. “Толибон”га кўра, лойиҳа қурғоқчил ҳудудларни сув билан таъминлашга ёрдам беради, бу эса қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга туртки бўлади. Ҳозирда канал қурилишига 6 мингдан ортиқ киши жалб этилган.

2022 йил ноябрь ойининг охирида қуриб битказилган участканинг узунлиги қарийб 40 километрни ташкил этган. Лойиҳани якунлаш 2028 йилга мўлжалланган.

Мутахассислар Қўштепа канали фойдаланишга топширилгач, ҳудуддаги сув ҳавзаси билан боғлиқ вазият кескин ёмонлашишидан хавотирда. Шусиз ҳам сўнгги йилларда Марказий Осиёнинг барча республикаларида сув танқислиги тобора кучайиб бораётган эди. Канал қурилиши эса вазиятни янада кескинлаштиради.

Қайд этилишича, айниқса Ўзбекистон ва Туркманистон энг кўп зарар кўриши мумкин. Мамлакатлар минтақанинг асосий дарёсидан суғориш ишлари учун оладиган сувнинг 15 фоизини йўқотиши мумкин. Лекин Марказий Осиёда сувнинг асосий истеъмолчиси Ўзбекистон бўлиб, унинг аҳолиси 36 миллион кишига етган ва ўсишда давом этмоқда. Бундан ташқари, республикадаги сувнинг 90 фоизи қишлоқ хўжалигида фойдаланилади.

XS
SM
MD
LG