Ссылки доступа

Истанбулда Туркманистон фуқаросининг жасади топилди


Туркия матбуоти темир панжарага осилган Туркманистон фуқароси билан боғлиқ жиноий ҳодиса ҳақида хабар берди.

Истанбулнинг Авжилар турар-жой мажмуаси яқинида темир панжарага осилган эркакнинг жасади топилди, дея хабар тарқатди Туркия ОАВси.

Тергов натижасида жасад туркманистонлик 38 ёшли Арслан Аннаевга тегишли экани аниқланган. Ҳодиса Денизкўшклар туманида, Садик Аҳмет кўчасида содир бўлган. Шу ҳудудда яшовчи одамлар темир панжарага осилган жасадни кўриб, полицияга хабар беришган.

Воқеа жойига полиция етиб келган, жасад Суд-тиббиёт экспертизаси институти ўликхонасига олиб кетилган.

13 март куни Туркиянинг SonDakika ахборот агентлиги осилган ҳолда топилган эркакнинг бошида кўкаришлар борлигини хабар қилди. Туркия матбуотининг хабар беришича, Туркманистон фуқаросининг ўлими юзасидан тергов давом этмоқда.

Туркманистон фуқароларининг ўлими билан боғлиқ жиноий воқеалар ОАВда мунтазам пайдо бўлади.

Туркия Миграция хизмати томонидан 2023 йил январь ойида эълон қилинган сўнгги маълумотларга кўра, Туркманистоннинг 222 090 фуқароси мамлакатда қонуний истиқомат қилади. Мустақил манбаларга кўра, Туркияда ноқонуний қолаётган туркман муҳожирлари сони бир неча баробар кўп.

XS
SM
MD
LG