Ссылки доступа

Хитой Россияда YouTube’ни блокировка қилишга кўмаклашмоқда – “Октагон” нашри


Москва 2023 йилнинг тўртинчи кварталида Россияда YouTube видеохостингини блокировка қилишга ҳозирланяпти. Бу ишда россияликларга, Си Цзиньпиннинг Москвага ташрифидан кейин, хитойлик мутахассислар техник кўмак кўрсатишяпти, деб ёзган Россиянинг “Октагон” сайти.

Журналистлар иддаосича, Россияга Хитойдан 41 нафар техник мутахассис етиб келган. Улар россиялик мутахассислар билан биргаликда блокировка режасини тайёрлашмоқда. Хитойда YouTube видеохостингига кириш 2009 йилдан тўсиб қўйилганди.

Хитой Freedom House халқаро ташкилоти томонидан ҳар йили чоп қилинадиган Интернет эркинлиги рейтингида охирги ўринда туради. Мамлакатда ғарбнинг кўплаб интернет-хизматлари ва ижтимоий тармоқларига тўсиқ қўйилган, тўсиқларни айланиб ўтиш методлари тақиқланган, мессенжерлар ва форумлардаги хабарлар эса цензурадан ўтказилади. Россия мазкур рўйхатдан охиргидан олтинчи ўринда.

“Октагон” блокировкани амалга ошириш учун Москвага нима учун техник ёрдам керак бўлиб қолганини изоҳлаган эмас.

Ўтган йилнинг март ойида Роскомнадзор ташкилоти YouTube эгаларидан видеохостингда “энг қисқа муддатда” россияликларга қарши “таҳдид тарқатиш”ни ҳамда “Россияга қарши роликлар” трансляция қилишни тўхтатишни талаб қилиб чиққан эди. Россиялик мулозимлар фикрича, YouTube маъмурларининг хатти-ҳаракатлари “террор характерига эга”. Давлатга қарашли РИА “Новости” агентлиги эса ўшанда исми ошкор этилмаган манбаси сўзларига таянган ҳолда Москва видеосервис блокировкаси ҳақида қарор қабул қилишга тайёрлигини иддао қилган.

Россия қўшинлари Украинага бостириб кирганидан кейин YouTube Россиядаги давлат нашрлари ҳамда Кремлдан бошқариладиган оммавий ахборот воситалари, ўнлаб ҳарбий блогер ва журналистларнинг каналларини блокировка қилиб қўйган эди. Москва бу ҳаракатларни цензура деб атаган.

XS
SM
MD
LG